Google’га эгалик қилувчи компания янги дорилар яратиш бўйича стартап ишга туширди
Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Isomorphic Labs’га Демис Хассабис раҳбарлик қилади

Google’га эгалик қилувчи Alphabet компанияси сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда янги дориларни ишлаб чиқадиган Isomorphic Labs стартапини яратди. Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда.
Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Isomorphic Labs’га Демис Хассабис раҳбарлик қилади. У шунингдек, Alphabet’нинг бошқа шўъба корхонаси DeepMind’ни бошқаради. Шу билан бирга, иккала компания — Isomorphic Labs ва DeepMind вақти-вақти билан ҳамкорлик қилиб, бир-биридан мустақил бўлиб қолади.
«Isomorphic Labs DeepMind технологиясидан дори-дармонларни топишни тезлаштириш ва инсониятнинг энг даҳшатли касалликларига даво топиш учун фойдаланади», деб ёзади Ҳассабис ўз блогида.
Isomorphic Labs, шунингдек, фармацевтика ва биотиббиёт компаниялари билан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда. Ҳозирда олимлар, муҳандислар ва машинани ўрганиш бўйича мутахассисларни жалб қилмоқда.
«Аввалроқ DeepMind сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда, ҳозирги кунга қадар инсон оқсиллари тузилмаларининг энг тўлиқ маълумотлар базасини яратди. Бунгача оқсил тузилмаларини аниқлаш қиммат ва кўп вақт талаб қиладиган тажрибаларни талаб қилар эди», деб ёзади The Verge.
Таъкидланишича, DeepMind иши олимларга тана тузилиши бўйича фундаментал тадқиқотлардан тортиб, янги дори воситалари ва даволаш усулларини ишлаб чиқишгача бўлган қатор муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериши мумкин.
Аввалроқ Meta ўз қурилмаларини сотиш учун офлайн дўконлар очиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.






