Таҳлил. Гўшт етиштириш атроф-муҳитга қанча зарар етказади?
ПМТИ экспертлари гўшт етиштириш Ўзбекистонда атроф-муҳитга қанча зарар етказиши бўйича тадқиқот ўтказди.
ПМТИ экспертлари жониворлардан олинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш СО2-эквивалентида қанча чиқинди ҳосил қилишини ҳисоблади. 2020 йилда Ўзбекистонlf гўшт ишлаб чиқариш туфайли 123,9 миллион тонна СО2-эквивалентида чиқинди ҳосил бўлган. Институт таҳлилий мақолани Kommers.uz’га тақдим этди.
Саноат чорвачилигининг жорий этилиши билан сўнгги 50 йилда гўшт ишлаб чиқариш 3 баравар ошди. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг 2020 йил маълумотларига кўра, дунёда 1,5 миллиарддан ортиқ сигир, 1,3 миллиард қўй, 1,1 миллиард эчки, 952,6 минг чўчқа, 450,3 минг курка, 33,1 миллиард товуқ бўлган, гўшт ишлаб чиқариш эса қарийб 340 миллион тоннани ташкил этган.
2050 йилга бориб, жаҳонда гўшт истеъмоли 76 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бундай вазиятда гўшт ва бошқа чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишни камайтирмасдан туриб, Парижда келишилган мақсадларга эришиш, хусусан, глобал ўртача ҳароратнинг ошишини Цельсий шкаласи бўйича 2 даражадан анча паст ҳолатда ушлаб туриш ва 1,5 даражагача чеклашнинг деярли имкони бўлмайди.
Турли хил озиқ-овқатларнинг чиқиндилари қандай таққосланади?
Турли хил озиқ-овқат гуруҳларининг иқлимга таъсирини баҳолашнинг турли усуллари мавжуд. Ушбу материалда Жозеф Пур ва Томас Немечекнинг 2018 йилда Science журналида чоп этилган глобал озиқ-овқат тизимининг энг йирик мета-таҳлили маълумотларидан фойдаланилади. Мазкур тадқиқотда 119 та мамлакатдаги 38 мингдан ортиқ тижорат фермер хўжалиги маълумотларини кўриб чиқилган.
Қуйидаги диаграммада ҳар хил озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳар бир килограммига иссиқхона газлари чиқиндисининг ўртача миқдори солиштирилади. Демак, 1 килограмм мол гўшти ишлаб чиқариш учун деярли 100 килограмм, 1 килограмм қўй гўшти учун 40 килограммдан сал камроқ CО2-эквивалентида чиқинди ҳосил бўлади. Хўжаликларда етиштириладиган креветкалар (майда қисқичбақалар) ва чўчқа гўшти учун эса 26,87 ва 12,31 килограмм CО2-эквивалентида чиқинди чиқарилади.
Йирик қорамолларни етиштиришнинг кўп ресурс талаб қилиши билан боғлиқ жиҳат пишлоқ ва бошқа сут маҳсулотларининг иқлим харажатлари нима учун чўчқа ёки парранданикига қараганда юқорироқ эканлигини изоҳлайди.
Бундан ташқари, товуқлар ва чўчқалар кавш қайтарувчи ҳайвонлар эмас ва шунинг учун карбонат ангидриддан 30 баравар кучли глобал исиш потенциалига эга бўлган метан ишлаб чиқармайди. Гўшт ва сут маҳсулотлари билан солиштирганда, ўсимликка асосланган озиқ-овқатларнинг углерод изи анча паст бўлади. Ўсимликлардан тайёрланувчи маҳсулотларнинг чиқиндилари ҳайвонлардан тайёрланувчи маҳсулотларнинг чиқиндиларига қараганда ўртача 10-50 баравар кам.
Ўзбекистонда гўшт ишлаб чиқаришнинг углерод изи
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда йилига 2 миллион тоннадан ортиқ гўшт (тирик вазнда) ишлаб чиқарилади. 2020 йилда 1 миллион 925,9 минг тонна қорамол гўшти, 394,8 минг тонна қўй ва эчки гўшти, 3,9 минг тонна чўчқа гўшти, 181,1 минг тонна парранда гўшти етиштирилган.
Иссиқхона газлари чиқиндиларининг ўртача кўрсаткичларидан фойдаланган ҳолда, 2020 йилда фақат мол гўшти ишлаб чиқариш учун 110 миллион тоннадан ортиқ CО2-эквивалентида чиқинди чиқарилгани аниқланди. Умуман олганда 2020 йилда гўшт етиштириш туфайли атмосферага чиқарилган зарарли моддалар CО2-эквивалентида 123,9 миллион тоннани ташкил этган.
Шунингдек, 2020 йилда ҳавога чиқарилган иссиқхона газлари миқдори 2000 йилдагига қараганда қарийб 3 бараварга ошган. 2000 йилдан бери парранда гўшти чиқиндилари 10 баравар кўпайган бўлса-да, бу турдаги гўшт атроф-муҳитга мол ва қўй гўштига нисбатан анча кам зарар етказади. Умуман олганда 2020 йилда иссиқхона газлари (ИГ) таркибида энг катта улуш мол гўштини ишлаб чиқаришнинг ҳиссасига тўғри келади – 92,8 фоиз, қўй гўштининг улуши 6,3 фоизни, парранда гўштининг улуши 0,87 фоизни, чўчқа гўштининг улуши 0,03 фоизни ташкил этади.
Олимлар ҳамма вақт хавфли глобал исишнинг олдини олиш учун овқатланиш одатларини қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлайди. Бироқ, ҳаддан ошириб юбориш ва дарҳол вегетарианлар парҳезига ўтиб олиш шарт эмас. Чунки жониворлардан тайёрланувчи маҳсулотларда калория ҳисобида озуқа моддалар ўсимликлардан тайёрланувчи маҳсулотлардагидан кўпроқ.
Шунинг учун тўғри овқатланишни танлаш жуда муҳим. Бундан ташқари, гўшт тарих, анъана ва маданиятнинг муҳим қисми ва гўштли таомлар маълум бир минтақа ва халқларнинг маданий ўзига хос хусусиятини намоён этади. «Иссиқхона» маҳсулотини ҳеч бўлмаганда кунига бир маротаба экологик тоза муқобили билан алмаштириш кифоя. Шу ҳам она сайёрамизни яшил сақлашда ёрдам беради.
Алексей Ким — ПМТИ катта илмий ходими