Халқаро консалтинг компанияси Ўзбекистон банкларидаги хизматлар сифатини ўрганди
Амалиётда 6 та ҳудуддаги 11 та тижорат банкининг 60 дан зиёд филиаллари «сирли мижоз» методи орқали баҳоланган

Швейцариянинг «Business&Finance Consulting» Ўзбекистон банкларида кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Швейцариянинг «Business&Finance Consulting» компанияси ҳамда Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати ходимлари ҳамкорлик дастурини амалга оширган. Унда Ўзбекистоннинг 6 та ҳудудида 11 та тижорат банкининг 60 дан зиёд филиалларида хизмат кўрсатиш сифатини «сирли мижоз» услубиёти орқали баҳолаш юзасидан ўрганишлар ўтказилган.
Қайд этилишича, Марказий банкда тижорат банклари раҳбарлари ва масъул ходимлари, шунингдек, «Business&Finance Consulting» компанияси бош директори ҳамда лойиҳа экспертлари иштирокида ўрганиш натижалари таҳлили бўйича семинар ташкил этилган. Тадбир давомида хорижий компания вакиллари томонидан банкларда мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолаш методологияси тўғрисида батафсил маълумот берилган.
Шу билан бирга, банкларда мижозлар билан ишлаш ҳолати, ўрганиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, банкларда мижозларга кўрсатилаётган хизматларни халқаро тажрибалар асосида такомиллаштириш ҳамда мазкур йўналишда рақамли технологиялардан фойдаланишни кенг жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинган.
Маълумот ўрнида, хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш бўйича «Business&Finance Consulting» компанияси томонидан тайёрланган презентация билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Аввалроқ Молия вазирлиги ACCA билан ҳамкорликда сертификатланган бухгалтерлар сонини ошириши хабар қилинганди. Шунингдек, «Ўзсаноатқурилишбанк» Германия банки билан 80 миллион евролик битим имзолагани ҳақида хабар берилди.






