Ҳиндистон дунёнинг учинчи йирик иқтисодиётига айланиши мумкин
Morgan Stanley таҳлилчиларининг фикрича, Ҳиндистон ялпи ички маҳсулотидаги саноат улуши 2031 йилга бориб ҳозирги 15,6 фоиздан 21 фоизгача ошади. Саноат даромадлари уч баравар кўпайиб, ҳозирги 447 млрд доллардан 1,49 трлн долларгача кўтарилиши мумкин
S&P Global ва Morgan Stanley таҳлилчиларининг фикрича, Ҳиндистон Япония ва Германияни ортда қолдириб, дунёнинг учинчи йирик иқтисодиётига айланиши мумкин. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Таҳлилчиларнинг хабарига кўра, Ҳиндистоннинг йиллик номинал ялпи ички маҳсулоти ўсиши 2030 йилгача ўртача 6,3 фоизни ташкил этишини тахмин қилди. Morgan Stanley’нинг ҳисоб-китобларига кўра, Ҳиндистон ялпи ички маҳсулоти 2031 йилга бориб ҳозирги даражадан икки бараварга ошади.
Тахминларга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги саноат улуши 2031 йилга бориб ҳозирги 15,6 фоиздан 21 фоизгача ошади. Саноат даромадлари уч баравар кўпайиб, ҳозирги 447 миллиард доллардан 1,49 триллион долларгача ошиши мумкин.
«Ҳиндистонда ишлаб чиқаришга сармоя киритиш, энергия алмашинуви ва мамлакатнинг илғор рақамли инфратузилмаси ҳисобига иқтисодий юксалиш учун шароитлар мавжуд», – дейилади хабарда.