Ҳиндистон Хитойда ишлаб чиқилган 54 та мобил иловани тақиқлади
Иловалар миллий хавфсизлик ва фойдаланувчи шахсий ҳаётига таҳдид сифатида баҳоланган.

Ҳиндистон Хитойда ишлаб чиқилган 54 та мобил иловани тақиқлади. Бу ҳақда The Economic Times Ҳиндистон ҳукуматидаги манбаларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Ҳиндистон Электроника ва IT вазирлиги миллий хавфсизлик ва фойдаланувчи шахсий ҳаётига таҳдид сифатида Хитойда ишлаб чиқилган 54 та мобил иловани тақиқлаган.
Маълумотларга кўра, ушбу иловалар Хитойнинг Tencent, Alibaba ва NetEase каби йирик технологик компанияларига тегишли. Улар 2020 йилдан бери мамлакатда тақиқланган иловаларнинг ребрендланган ёки номи ўзгартирилган нусхалари ҳисобланади.
Қайд этилишича, 2020 йил июнь ойидан бери Ҳиндистон ҳукумати жами 224 та Хитой иловасини, жумладан TikTok, SHAREit, WeChat, UC Browser ва бошқаларни тақиқлаган. Хитой иловаларини тақиқлаш Шарқий Ладахдаги чегара можароси туфайли Ню-Деҳли ва Пекин ўртасидаги муносабатлар кескинлашган бир пайтда амалга оширилган.
Ҳиндистон Электроника ва IT вазири ўринбосари Логанатан Муруган ўтган ҳафта парламентга сўнгги икки ой ичида YouTube видеоҳостинг каналлари, Twitter, Facebook ва Instagram саҳифаларидаги 60 дан ортиқ аккаунтлар Покистондан Ҳиндистонга қарши контентни трансляция қилиш ва ёлғон маълумот тарқатгани учун ёпилганини айтганди.
Ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни блоклаш учун Ҳиндистон ҳукумати биринчи марта ахборот технологиялари ва рақамли медиа соҳасига оид 2021 йилда қабул қилинган қонун билан уларга берилган фавқулодда ваколатлардан фойдаланган. Қонун бундай оммавий ахборот воситалари учун ахлоқий меъёрларни ҳамда янгиликлар ва бошқа ахборот материалларини эфирга узатиш бўйича кўрсатмаларни белгилайди.
Аввалроқ Ҳиндистон 1 апрелдан ўзининг рақамли валютасини чиқариши хабар қилинганди. Шунингдек, Google Ҳиндистон компаниясига 1 миллиард доллар сармоя киритиши ҳақида хабар берилди.






