Ҳиндистонда тамаки қолдиқларидан юмшоқ ўйинчоқлар тайёрловчи завод очилди
«Биз бошида кунлик 10 грамм билан бошлаган бўлсак ҳозирги кунда 1000 килограмм тайёрлаяпмиз», - дейди сигарет қолдиқларидан юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқарувчи — видео

Янги деҳлида сигарет қолдиқларини қайта ишлаб, улардан болалар ўйинчоқлари тайёрлайдиган фабрика очилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Янги Деҳли шаҳридаги уйларнинг бирида фойдаланилган сигарет қолдиқларидан болалар учун мўлжалланган юмшоқ ўйинчоқлар тайёрловчи кичик завод иш бошлади.
Маълум қилинишича, тайёр материал сигарет қолдиқларидан иборат бўлиб, толаларга ажратилади ва шаҳар кўчаларидаги миллионлаб ташлаб юборилган тамаки қолдиқлари йиғилганидан кейин тозаланади ва оқартирилади. Тайёр ҳолатга келган толалардан ўйинчоқлар ва ёстиқчалар каби турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
«Биз бошида 10 грамм (кунига тола) билан бошладик ва ҳозир куни 1000 килограмм тайёрлаяпмиз… Шундай қилиб, биз ҳар йили миллионлаб сигарет қолдиқларини қайта ишлашга қодирмиз», – дейди ишлаб чиқарувчи.
Шунингдек, ишчилар тамакининг ташқи қатламини ва энг пастки қисмларини ажратиб олишади ҳамда қайта ишланган қоғоз ва компост кукунига айлантиришади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунда Ҳиндистон аҳолисининг қарийб 30 фоизи, 267 миллионга яқин киши тамаки истеъмол қилади ва умумий тозалик стандартлари жуда паст.
«Бу ерда ишлашимиз атроф-муҳитни тоза сақлашга ёрдам беради», – дейди завод ишчиларидан бири.






