Хитой компанияси Ўзбекистонда 350 млн долларлик қуёш фотоэлектр станцияси қуради
Станцияни 500 га майдонда барпо этиш режалаштирилган.

Хитой компанияси Фарғона вилоятида 350 миллион доллар инвестиция ҳисобига қуёш фотоэлектр станцияси барпо этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг «Fht Future Technology» компанияси вакиллари Ли Венжин ва Чен Хингянг ҳамда компаниянинг Ўзбекистондаги ҳамкорларидан иборат инвесторлар гуруҳини қабул қилган.

Қайд этилишича, компания ижрочи директори Ли Венжин Фарғона вилоятида амалга ошириш режалаштирилаётган йирик инвестиция лойиҳасини тақдим этган. Лойиҳага кўра, «Fht Future Technology» компанияси Фарғона вилоятида 25 гектар майдонда инновацион технопарк ҳамда 350 миллион доллар инвестиция ҳисобига 500 гектар майдонда қуёш фотоэлектр станцияси барпо этишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, ишлаб чиқарилган электр энергиясини технопаркда жойлаштириладиган хорижий корхоналарни таъминлашга йўналтириш кўзда тутилган. Технопаркда замонавий инновацион технологияларга асосланган маҳсулотлар, шу жумладан, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Шу билан бирга, юқори сифатли цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими лойиҳанинг ҳар бир банди бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш юзасидан инвесторлар вакиллари ва вилоят мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш таклифини билдирган. Шунингдек, чўл зоналардаги қум ва тошлоқ, сувсиз ерларда лойиҳани амалга ошириш имкониятларини ўрганиш бўйича кўрсатма берган.
Аввалроқ Президент 2026 йилгача қуёш ва шамол электр станциялари қувватини 8 минг мегаваттга етказишни белгилаб бергани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда қуёш коллекторининг иссиқлик қабул қилувчи ясси панели патентлангани ҳақида хабар берилди.






