Хитойлик блогер рекорд даражадаги жаримага тортилди
Блогер солиққа тортиладиган даромадлар бўйича бир нечта ҳисоботларни тақдим қилмаган.

Хитойнинг Ханчжоу шаҳри солиқ бўлими машҳур стример Viya’ни (ҳақиқий исми Хуан Вэй) солиқ тўлашдан бўйин товлагани учун рекорд даражадаги 1,34 миллиард юань (210 миллион доллар) жаримага тортди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.
Солиқ бўлими Хуан Вэйни 2019-2020 йиллар давомида 700 миллион юандан ортиқ солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айблади. Агентликнинг хабар беришича, блогер қиз комиссия даромадини яширган, шахсий иш ҳақини корпоратив даромад деб эълон қилган ва солиққа тортиладиган даромадлар бўйича бир нечта ҳисоботларни тақдим этмаган.
Расмийлар Вэй солиқ органлари билан ҳамкорлик қилаётгани ва агар блогер жаримани тўласа, жиноий жавобгарликка тортилмаслигини маълум қилган.
«Кейинроқ блогернинг ўзи ҳам қилмиши учун узр сўради ва ‘солиқ органлари томонидан қўйилган жазони тўлиқ қабул қилишини’ таъкидлади», деб хабар берди Reuters.
Шу билан бирга, Viya’ֹнинг Taobao платформасида бўлиб ўтиши керак бўлган навбатдаги кўрсатуви бекор қилинган.
Viya ўзининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари орқали жонли эфирларда турли маҳсулотлардан фойдаланиш бўйича ўз тажрибасини баҳам кўриш орқали пул ишлаб топадиган энг даромадли хитойлик блогерлардан биридир.
Reuters маълумотларига кўра, Viya жонли эфирда «ҳамма нарсани сотиш» қобилияти билан машҳур. Ўтган йили эфирлардан бирида у коинотга ракета учириш хизматини 40 миллион юанга сотишга муваффақ бўлган.
Аввалроқ Хитойнинг Evergrande компанияси асосчиси компания қарзларини тўлаш учун 1,1 млрд долларлик активларини сотгани хабар қилинганди.






