Ҳокимликлар учун ҳудудларнинг ўсиш драйверларини аниқлаш қўлланмаси ишлаб чиқилди
Қўлланмадан фойдаланиш таҳлил ишини тез ва осон қилиш имконини беради.

Ўзбекистонда ҳокимликлар учун ҳудудларнинг ўсиш драйверларини аниқлаш бўйича қўлланма ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, институт томонидан «Туман (шаҳар) иқтисодиётининг ўсиш драйверларини аниқлаш: методология ва амалиёт» номли услубий-амалий қўлланма чоп этилган.
Қайд этилишича, қўлланма ҳудудларда ўсиш нуқталарини аниқлаш ва шу асосда чора-тадбирлар, дастурлар ва стратегияларни самарали шакллантиришга ёрдам беради. Қўлланманинг ўзига хос жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
- ҳудуд иқтисодиётини 8 та тармоқ ва соҳа бўйича таҳлил қилиш усуллари келтирилган;
- 4 та таянч тармоқда ихтисослашув ва рақобат афзалликлари асосида ўсиш драйверларини aниқлаш усуллари баён қилинган;
- 7 хил табиий-иқтисодий вa ресурс салоҳияти асосида ҳудуднинг ўсиш драйверларини аниқлаш алгоритми ишлаб чиқилган;
- ўсиш драйверларини амалга ошириш механизмлари (йўл харитаси), схемалари ёритилган;
- фойдаланувчиларга таҳлил қилишда зарур бўладиган маълумотлар учун жадваллар тузилди.
Таъкидланишича, келтирилган усуллар асосида Ғузор туманининг рақобат устунликлари ва ўсиш нуқталари аниқланган. Таҳлил натижасида туманда рақобат устунлиги асосида тўқимачилик, чорвачилик, наслчилик соҳаларида ўсиш нуқталари аниқланган.
Шунингдек, туманнинг кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва чорвачиликка чуқур ихтисослашиши, пахта-тўқимачилик кластерларини ривожлантириш имкониятлари ўрганилган. Ғузор туманида ёқилғи-кимё, тўқимачилик, чорвачилик, наслчилик, терини қайта ишлаш, транспорт-логистика соҳаларида ҳам ўсиш нуқталари борлиги аниқланган.
Мазкур ўсиш драйверлари асосида уларни амалга ошириш механизмлари (йўл харитаси) ишлаб чиқилган.
Хабарга кўра, бу каби таҳлилни ҳар бир туман/шаҳар учун қилиб чиқиш имконияти мавжуд. Қўлланмадан фойдаланиш бу ишни тез ва осон қилиш имконини беради.
Ушбу услубий-амалий қўлланма иқтисодиёт соҳасида вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий ҳокимликларнинг вакиллари ҳамда ҳудудий иқтисодиёт йўналишида илмий ва амалий фаолият олиб бораётган иқтисодчилар учун мўлжалланган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг 2021 йилги иқтисодий кўрсаткичлари хабар қилинганди.






