IELTS Россияда инглиз тилини билиш имтиҳонларини ўтказишни тўхтатди
IELTS имтиҳон сессияларини имкон қадар тезроқ давом эттириш учун бор кучини ишга солишга ваъда берди.

IELTS инглиз тилини билиш даражасини баҳолаш халқаро тизими Россиядаги барча имтиҳонларни бекор қилди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Маълум қилинишича, IELTS тест топширишни режалаштирган россияликларга хат йўллаб, имтиҳон сессиялари бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирган.
«Ташқи сиёсий вазиятнинг кескинлашуви натижасида Россия Федерациясида IELTS имтиҳонлари эгалари — British Council ва Cambridge Assessment English қарори билан барча IELTS имтиҳонлари сессиялари тўхтатилди», дейилади хабарда.
IELTS имтиҳон топширувчиларни имтиҳон учун тўланган маблағни зудлик билан тестга тайёргарлик курсларига ўтказишни таклиф қилди. Акс ҳолда пул Россияда биринчи имтиҳон сессиялари қайта тикланмагунча музлатиб қўйилади.
«Афсуски, ҳозирда бизда рўйхатдан ўтиш учун янги мавжуд саналар ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо биз сизнинг имтиҳонингизни имкон қадар тезроқ ташкил қилиш учун барча саъй-ҳаракатларимизни қиламиз», дейилади компания хабарида.
Аввалроқ Италия бош вазири Россияга қарши санкциялар узоқ вақт давом этишини айтгани хабар қилинганди. Шунингдек, Shell ва BP Россия нефтидан воз кечишини эълон қилгани ҳақида хабар берилди.






