Илон Маск Россия ва Украинага тинчлик шартларини таклиф қилди
Дунёнинг энг бой одами Илон Маск Украина учун тинчлик режасини таклиф қилганидан кейин Tesla акциялари кескин тушиб кетди
Илон Маск ўзининг Twitter саҳифасида Россия ва Украина ўртасида қандай шартлар билан тинчлик ўрнатилиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтди. Бу ҳақда «Daily storm» хабар берди.
Миллиардеринг фикрича, мамлакатлар тинчлик битими тузадилар, унга кўра Қрим расмий равишда Россия Федерацияси таркибига киради. Маск Россия ва Украина ўртасида мумкин бўлган сулҳнинг тўртта асосий шартларига аниқлик киритди. Хусусан:
- Украинанинг босиб олинган ҳудудларида БМТ назорати остида янгидан такрор овоз бериш жараёнини ўтказиш. «Агар аҳолининг танлови Украина бўлса, Россия уларни тарк этади»;
- Қрим 1783 йилдан бери («Хрушчёв хатосидан олдин», деб ёзади Маск) бўлгани каби расмий равишда Россиянинг бир қисми бўлиб қолади;
- Қримга сув таъминоти кафолатланади;
- Украина нейтрал давлат бўлиб қолади.
Тадбиркор Twitter’да Украинадаги урушни тўхтатиш учун ўз таклифларини бериб сўровнома бошлаганидан сўнг Tesla компанияси акциялари қиймати 9 фоизга тушиб кетди.
Маълумот учун, Илон Маск «Forbes» журнали талқинига кўра, АҚШнинг 400 та энг бой бизнесменлари рейтингида 251 миллиард доллар маблағ билан биринчи ўринни эгаллаганди. Бу ўтган йилга нисбатан (190,5 миллиард) 60,5 миллиард долларга (32 фоиз) кўпдир.