Илон Маскнинг талабалик давридаги ишлари топиб олинди: имтиҳон варақаси аукционда сотилди
Имтиҳон варақасида Маск беҳаё сўз учун Томасдан икки балл олиб ташлаганини кўриш мумкин.

Tesla раҳбари Илон Маскнинг талабалик давридаги ишлари аукционда 7753 долларга сотилди. Бу ҳақда Forbes нашри ёзмоқда.
Миллиардер Илон Маск (унинг бойлиги 10 декабрь ҳолатига кўра 263,4 миллиард долларга баҳоланган) 1995 йилда Пенсилвания университети қошидаги Уортон бизнес мактабида таҳсил олган ва у ерда ассистент бўлиб ишлаган. Хусусан, у профессор Майлз Бассга тадбиркорлик курсида талабаларнинг ҳужжатларини текширишга ёрдам берган.

Басснинг шогирдларидан бири Брайан Томас эди. Ўқишни тугатгандан сўнг йиллар ўтиб, собиқ UPenn талабаси ўғли билан университетнинг эски ҳужжатларини кўздан кечираётганда Маск текширган имтиҳон қоғозига дуч келган. Дафтарда бўлажак тадбиркорнинг тўлиқ имзоси йўқ эди, фақат бош ҳарфлар — EM мавжуд бўлган. Томас уни кимошди савдосига қўйишга қарор қилди.
Лотга 9 варақдан иборат имтиҳон қоғози ва боғдорчилик асбобларини сотувчи компания асос солган тадбиркор Рут Овадес ҳақидаги беш саҳифалик тадқиқот киритилган. У Бостондаги RR Auctions онлайн аукционида 7753 долларга (комиссия билан бирга) сотилди. Харидор ким бўлгани эса ошкор қилинмаяпти.
«Ўшанда Илон Маск дунёдаги энг бой одам бўлишини ҳеч ким билмас эди. Аксинча, профессор Майлз Басс кўплаб талабаларга ўз бизнесларини бошлашда ёрдам берган афсона эди. Мен бу ишларни унинг хотираси учун сақлаб қолдим», дейилади Брайан Томаснинг мактубида.

Имтиҳон варақасида Маск беҳаё сўз учун Томасдан икки балл олиб ташлаганини кўриш мумкин.






