Instagram платформасида NFT савдоси йўлга қўйилади
NFT’лар платформанинг махсус бўлимида жойлашиши кутилмоқда.

Instagram NFT’ни ўз платформасига улашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Business Insider хабар берди.
Маълум қилинишича, савдо токенлари ижтимоий тармоқнинг бош компанияси — Meta’нинг метаоламини ривожлантириш стратегиясининг бир қисмидир. Бу ҳақда Instagram раҳбари Адам Моссери маълум қилган.
«Ҳали эълон қиладиган кўп нарса йўқ, лекин биз NFT ва уни кенг аудитория учун қандай қилиб янада қулайроқ қилишимиз мумкинлигини фаол равишда тадқиқ қилмоқдамиз», — деган Моссери.
Шунингдек, Моссери NFT савдоси блоггерлар учун янги монетизация воситасига айланишига умид қилмоқда. Business Insider томонидан ҳавола қилинган скриншотлардан англаш мумкинки, NFT’лар платформанинг махсус бўлимида жойлашади.
Қайд этилишича, NFT’га қизиқиш 2021 йилда ортиб, сотувлар ҳажми 12 миллиард долларга етди. Июль ойида Facebook ўзининг номини Meta деб ўзгартириши ҳамда гуруҳнинг метаоламни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини эълон қилган.
Аввалроқ Instagram’нинг фаол фойдаланувчилари сони илк бор 2 миллиарддан ошгани хабар қилинганди. Шунингдек, Instagram’га пуллик обуна функцияси қўшилиши ҳақида хабар берилди.






