Instagram’нинг фаол фойдаланувчилари сони илк бор 2 миллиарддан ошди
Тармоқ 1 миллиардлик кўрсаткичга 2018 йилда етган.

Meta компаниясининг исми ошкор этилмаган ходимлари CNBC телеканалига Instagram’нинг фаол фойдаланувчилари сони 2 миллиарддан ошгани ҳақида хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқ бу кўрсаткичга Facebook Meta деб ребрендинг қилинишидан 2 ҳафта олдин етган.
Маълумот учун, Instagram 2018 йил июнидан бери фаол фойдаланувчилар сонини ошкор этмай келаётганди. Компания вакиллари буни расмийлар эътиборининг ортиши билан изоҳлайди. АҚШ ҳукуматининг хавотирларига кўра, Meta одамларни ҳаддан ортиқ ўзига боғлаб қўймоқда.
2021 йил сентябрида WSJ газетаси Instagram алгоритмлари ва Meta’нинг бошқа лойиҳалари иши бўйича текширув эълон қилганди. Қайд этилишича, бир гуруҳ тадқиқотчилар уч йил давомида ижтимоий тармоқ инсон психикасига қандай таъсир қилишини ўрганган. Шундан сўнг АҚШ сенаторлари ҳам Instagram’нинг ўсмирларга таъсири бўйича текширув ўтказилишини эълон қилган.
Аввалроқ Instagram’га пуллик обуна функцияси қўшилиши хабар қилинганди.






