«Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети Япониянинг Тойо университети билан ҳамкорлик қилади
Учрашувда икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ўзбекистонлик талабаларнинг Тойо университетида амалиёт ўташ имкониятлари кўриб чиқилди

Токио шаҳридаги Тоё университети ҳамда Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси кўмагида туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи давомида Тойо университети Кузатув кенгаши раиси Шинжи Фукукава, университет президенти Эсуко Ягучи билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Азиз Абдуҳакимов Тойо университети раҳбариятига Ўзбекистонда туризм ва маданий мерос соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети фаолиятидаги янгиликлар ҳақида маълумот берди.
Тойо университети Кузатув кенгаши раиси Шинжи Фукукава Ўзбекистон ва Япония таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади.
Университет президенти Эсуко Ягучи Ўзбекистон билан гуманитар, аниқ ва амалий фанлар, «яшил» ва «барқарор» туризм масалалари ҳамда объектлар реставрацияси бўйича қўшма тадқиқотлар борасида ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.
Шунингдек, Япония томон Ўзбекистоннинг Ипак йўли мамлакатлари фуқаролари учун Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетида 85 давлат гранти ажратишга доир ташаббусини юқори баҳолади.
Томонлар туризм соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, жумладан Ўзбекистондаги буддавийлик меросини ўрганиш, буддизм обидалари реставрацияси, археологик қазишмаларни амалга ошириш, илмий семинар ва изланишларни олиб боришга оид келишувга эришишди.
Шунингдек, Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетида Тоё университети талабалари учун ёзги кампус ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашув якунига кўра, «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳамда Тоё университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, у академик ҳамкорлик, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, туризм соҳасида Япониянинг илғор тажрибасини қўллашни кўзда тутади.




