Иқтисодиёт вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури 2,1 млн долларлик лойиҳани ишга туширди
Лойиҳа 15 мингга яқин тўғридан-тўғри бенефициарларни қамраб олади.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастурининг «Рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш учун ёшлар имкониятларини кенгайтириш» янги қўшма лойиҳаси ишга туширилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, имзоланиш маросими вазирликда БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Матилда Димовска, шунингдек, Россиянинг Ўзбекистондаги элчисининг маслаҳатчиси Валентин Гусев иштирокида бўлиб ўтди.
«Лойиҳа рақамли ва «яшил» трансформация ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича ҳукумат саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, фаол меҳнат бозори сиёсатини такомиллаштириш ва ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш бўйича БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган дастурий фаолиятнинг мантиқий давомидир», дейилади хабарда.
13Лойиҳа «Россия Федерацияси — БМТ Тараққиёт дастури ривожланиш мақсадларида» траст фонди томонидан молиялаштирилади. Унинг умумий буджети 2 миллион 100 минг долларни ташкил этади.
Қайд этилишича, лойиҳа 15 мингга яқин тўғридан-тўғри бенефициарларни қамраб олади. Шундан, камида 50 фоизи аёллар ва 25 фоизи қишлоқ аҳолиси ҳисобланади.
Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга 400 миллион доллар кредит ажратиши ҳақида хабар берилганди.






