Ироқ, Сурия ва бир қатор Яқин Шарқ давлатлари фуқароларининг Ўзбекистон орқали Беларусга учиши тақиқланди
Чекловлар дипломатик паспорт ёки Беларусда яшаш гувоҳномасига эга фуқароларга қўлланмайди

Айрим Яқин Шарқ давлатлари фуқароларининг Ўзбекистон орқали Беларусга авиатранзити вақтинча чекланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 17 ноябрдан Ўзбекистон ҳудуди орқали Ироқ, Сурия, Яман, Ливан, Ливия ва Афғонистон фуқаролари-транзит йўловчиларнинг Беларусь ҳудудига киришига ҳамда уларга авиачипталар сотилишига вақтинчалик чекловлар ўрнатилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган резидент авиакомпаниялар томонидан мазкур давлатлар фуқаролари-транзит йўловчиларга сотилган авиачипталар аниқланган тақдирда ушбу йўловчиларга чипта пули белгиланган тартибда жарима қўлламаган ҳолда қайтарилиши лозим.
Таъкидланишича, чекловлар Ироқ, Сурия, Яман, Ливан, Ливия ва Афғонистон давлатларининг дипломатик паспорт ёки Беларусда доимий яшаш учун берилган яшаш гувоҳномасига эга фуқароларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Маълумот учун, ҳозирда Беларусь ва Польша чегарасида миграция инқирози уфайли нотинчлик юзага келган.
Аввалроқ Самарқанд халқаро аэропорти декабрь ойи ўрталаригача ёпиқ бўлиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонга Россиядан махсус поезд рейслари амалга оширилиши ҳақида хабар берилди.






