Иш ташламоқчи бўлган Apple ходимлари, Каримова иши бўйича изоҳ берган Адлия ва оширилган давлат бюджети харажатлари — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2021 йилнинг 24 декабрь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Иш ташламоқчи бўлган Apple ходимлари
Apple ходимлари Рождество арафасида иш ташлашни режалаштирди ва мижозлардан Apple дўконларидан ҳеч нарса харид қилмасликни сўради. Бу ҳақда Apple Together инсон ҳуқуқлари гуруҳининг Twitter’даги аккаунти хабар берди.
Гуруҳ фаоллари тармоққа яхши меҳнат шароитлари, тўланадиган таътиллар, бевосита истеъмолчи билан ишлайдиган ходимларни яхшироқ ҳимоя қилиш ва муносиб соғлиқни сақлаш ҳуқуқлари талаб этилган плакатларни жойлаштирган.
Шунингдек, компания ходимлари мижозларни Apple Store’дан харид қилмасликка чақирган. Уларнинг фикрига кўра, компания дўконидаги трафикнинг кескин камайиши байрам ёки байрамлар арафасида иш сменаларини бекор қилишга ундаши мумкин.
Маълум бўлишича, Apple корпоратив ходимларининг аксарияти Рождествода дам олиш кунларини ўтказади. AppleCare’нинг чакана савдо ва қўллаб-қувватлаш хизмати ходимлари одатий усулда ишлашга мажбур. Компания веб-сайтига кўра, АҚШдаги аксарият Apple дўконлари Рождество арафасида соат 18:00 гача очиқ ва байрам кунлари ёпилади.
Apple Together шунингдек, иш ташлаш куни эрта кетган барча ишчилар нотижорат бирдамлик фонди Coworker орқали 500 доллар олиш учун ариза топшириши мумкинлигини қайд этган.
Каримова иши бўйича изоҳ берган Адлия
Швейцария Федерал Жиноят суди Гулнора Каримовага алоқадор ширкатга тегишли 293 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Адлия вазирлиги суд қарори юзасидан изоҳ берди.
Маълум қилинишича, бу Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун муҳим ғалаба ҳисобланади. Чунки у маблағларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича кейинги музокаралар учун имконият очади.
Шу билан бирга, суд қарорига кўра 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар процессуал харажатлар чиқариб ташланганидан сўнг «Takilant Ltd» компаниясига қайтарилиши мумкин. Қайд этилишича, айрим ОАВ суд қарорининг ушбу қисмини нотўғри талқин қилган ҳолда асоссиз маълумотлар тарқатмоқда.
Таъкидланишича, Швейцария федерал жиноят судининг 2021 йил 17 декабрдаги қарори ҳали якуний қарор эмас. Ҳусусан, Швеййария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари суднинг ушбу қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
«Бундан ташқари, ушбу маблағларга нисбатан Америка Қўшма Штатларининг ваколатли органлари томонидан уларни ҳибсга олиш тўғрисида даъво ва ордер ҳам мавжуд, бу эса Швейцария судининг кўрсатилган қарори кучга кирган тақдирда ҳам ушбу маблағларни компанияга қайтариш имконини бермайди», дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, айни пайтда Ўзбекистон давлат органлари Швейцария ва АҚШ расмийлари билан Гулнора Каримова ва унинг шерикларининг жиноий фаолияти натижасида орттирилган активларини қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Чунки ушбу жиноятлардан Ўзбекистон давлати ва халқи ҳам жабр кўрган.
Маълумот учун, Каримовага тегишли бўлган Takilant номли ширкат жиноий тергов остидаги 5 та Швейцария банк ҳисобларидан иккитасига алоқадор эди. Компаниядан мусодара қилинган умумий сумма 350 миллион доллардан ортиқни ташкил қилган.
Суд бу сумманинг катта қисми мусодара қилиниши керак деган хулосага келди, чунки айбланувчиларнинг бир қисми, жумладан, Каримова ва унинг ёрдамчиси жиноий пул ювишда айбдор деб топилган. Бироқ Takilant’га тахминан 70 миллион доллар қайтарилади.
Оширилган давлат бюджети харажатлари
Ўзбекистонда 22 декабрдаги 738-сон Қонун билан «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилди.
Киритилган ўзгартиришларга асосан 2021 йил учун консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 6,5 фоизини ташкил этади.
Шунингдек, қуйидаги харажатлар оширилди:
- давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари 41 226 950,3 миллион сўмгача;
- Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатлари 26 746 490 миллион сўмгача.
Қайд этилишича, 2021 йил учун республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари оширилди. Республика бюджетидан уларга жами 162 837 498,1 миллион сўм ажратилади.
General Motors ва эски автомобилларни электромобилга айлантириш комплектлари
General Motors эски автомобилларни (Cadillac, Chevrolet, Buick) электромобилларга айлантириш учун электр комплектларни сотишни бошлайди.
Компания ҳисоб-китобларига кўра, автомобилларни электр тортишга айлантириш учун бутловчи қисмлар бозори 2030 йилга бориб 20 миллиард долларгача ўсиши мумкин, чунки кўпроқ саноат корхоналари карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтиришни мақсад қилиб қўйган. GM автомобилларидан ташқари, сув транспорти ва махсус жиҳозлар ҳам конвертация қилинади.
Маълум қилиниишича, ихтисослашган устахоналар ходимлари биринчи навбатда ички ёниш двигателларидан фойдаланиш учун мўлжалланган эски автомобилларни конвертация қилиш учун зарурий тайёргарликдан ўтади.
Корпорация 2025 йилгача янги электромобиллар ва тегишли тармоқларни яратишга 35 миллиард доллар сармоя киритмоқчи, конверсия дастури ҳам шу буджетдан молиялаштирилади ва 2022 йилда иш бошлайди.
Дуровнинг изоҳидан кейин қимматлаган Toncoin
Павел Дуровнинг Telegram каналидаги постидан кейин Toncoin деярли 50 фоизга қимматлашди.
Маълум қилинишича, Дуровнинг TON блокчейн лойиҳаси қулаганидан сўнг яратилган Toncoin криптовалютаси нархи деярли 50 фоизга кўтарилган. У ўзининг Telegram каналида криптовалюта ижодкорларига муваффақият тилаган постини эълон қилганидан сўнг Toncoin нархи тез ўсишни бошлаган.
«Telegram кодлаш танловлари чемпионларининг Toncoin деб номлаган очиқ кодли TON лойиҳасини ишлаб чиқишда давом этаётгани мени илҳомлантирди. Биз яратган технология тирик экани ва ривожланаётганидан фахрланаман», — деб ёзган у.
Дуров TON ҳали ҳамон блокчейн соҳасида олдинда эканини таъкидлаган ва Toncoin жамоасига муваффақият тилаган. «Тўғри бозорга чиқиш стратегияси билан биргаликда улар тилларда достон бўладиган кашфиётларни яратиш учун зарур бўлган нарсага эга», деб ёзган Telegram раҳбари. Шу билан бирга, у Telegram компаниясининг Toncoin билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган.
150 минг долларга сотилган тарихдаги илк SMS
Vodafone оператори Париж аукционида тарихда юборилган биринчи SMS’ни NFT кўринишида 150 минг долларга сотди.
Маълум бўлишича, оператор ким ошди савдосидан туИлк бор онлайн амалга оширилган нотариал ҳаракат шган пулни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича агентлигига хайрия қилади. Биринчи SMS 1992 йил 3 декабрда Vodafone директори Ричард Жарвисга тест ўтказиш бўйича муҳандис Нил Папуорт томонидан юборилган. Унда Папуорт Жарвисни Рождество байрами билан табриклаган.

NFT (Non-fungible token) — ўзгармас токен. Бундай токенларнинг атиги 1 фоизи 1,5 минг доллардан қиммат туради, 75 фоизи 15 доллар ёки ундан пастроққа сотилади. NFT нархи визуал хусусиятларга, сотувчининг машҳурлигига ва олдинги сотувларга асосланади.
Илк бор онлайн амалга оширилган нотариал ҳаракат
Ўзбекистонда илк бор нотариал ҳаракат онлайн тарзда амалга оширилди.
Маълум қилинишича, 23 декабрь куни «e-notarius.uz» ахборот портали орқали биринчи онлайн нотариал ҳаракат масофадан туриб расмийлаштирилди. Бу Ўрта Осиёда ҳам биринчи бор нотариусга бормасдан туриб амалга оширилган онлайн нотариал ҳаракат бўлган.
Унда фуқаро У. В. нотариал идорага келмасдан туриб, вояга етмаган фарзандини чет элга чиқишга розилик бериш аризасини видеоконференц-алоқа ёрдамида расмийлаштирган. Мазкур хизмат тест режимида ишга туширилган ва 2021 йилнинг бошидан тўлиқ татбиқ этилади.
Қайд этилишича, «e-notarius.uz» ахборот портали орқали мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ишончномани тасдиқлашни, ижро хатини ёзишни, аризадаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлашни (доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйишга розилик, вояга етмаган фарзандни чет элга чиқишга розилик бериш билан боғлиқ ариза ва мажбуриятномалар), шунингдек тўловларни ҳам амалга ошириш мумкин.
Таъкидланишича, онлайн нотариал ҳаракатни расмийлаштириш учун «e-notarius.uz» ахборот порталига кириб, республикадаги исталган нотариусга масофадан туриб нотариал ҳаракатни расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилинади.
Шунингдек, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мурожаат қилувчининг шахсига оид маълумотлар ONE ID — Идентификациялашнинг ягона тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади. «Е-notarius.uz» ахборот порталида нотариусга мурожаат қилишнинг тартиби ва босқичлари фуқаролар тушуниши учун қулай шаклда, алоҳида эслатмалар билан ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилган.
Маълумотлар мурожаат қилувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлангандан сўнг, онлайн нотариал ҳаракат учун тўлов квитанциялари ҳам автоматик равишда шакллантирилади. Мурожаат қилувчи ва нотариус келишилган вақтда нотариал ҳаракатни рўйхатдан ўтказиш учун видеоконференц-алоқага чиқади ва нотариал ҳаракат расмийлаштирилади.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






