Иши судга оширилган Фирдавс Абдухолиқов, Telegram’га қўшилган янги функциялар ва январь ойидаги инфляция — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2022 йилнинг 1 февраль санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Иши судга оширилган Фирдавс Абдухолиқов
Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдим этган ҳужжатлар Бош прокуратура томонидан ўрганиб чиқилган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилган.
Маъмурий иш белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун 25 январь куни жиноят ишлари бўйича судга юборилган. Бош прокуратура расмийси Абдухолиқовга МЖтКнинг айнан қайси моддаси қўлланганини очиқламади.
Айни вақтда ОАВда мазкур ҳолатда Абдухолиқовга нисбатан МЖтКнинг 175-8-моддаси (Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) бўйича иш қўзғатилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Кейинроқ ушбу хабарлар Олий суди вакили томонидан тасдиқланди.
Мазкур модданинг 4-қисмига кўра, давлат харидлари жараёнидаги аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳақида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бермаслик мансабдор шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (5,4 миллиондан 8,1 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Telegram’га қўшилган янги функциялар
Telegram’нинг янги версиясида оддий видеолардан ясаш осон бўлган видеостикерлар, янада ихчам анимациялар ҳамда реакциялар учун қўшимча эможилар, кўрилмаган реакцияларга ўтиш тугмаси, шунингдек, яқинда очилган чатлар орқали тезкор навигация ва бошқа янгиликлар мавжуд.
Видеостикерлар
«Telegram’даги вектор анимацион стикерлар беқиёс сифатга эга ва ҳар бир стикер 30 КБдан ошмайди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бундай тўпламларни яратиш техник билим ва Adobe Illustrator каби махсус дастурларни талаб қилади.
«Янги тўпламлар яратиш учун @stickers ботига ёзинг ва унинг кўрсатмаларига амал қилинг. Бошқа фойдаланувчилар томонидан яратилган янги стикерларни ҳам ўрнатишингиз мумкин», дейилади хабарда.
Дастурчилар Sticker Import API ёрдамида стикерлар ясаш ва Telegram’га ўтказиш учун ўз иловаларини яратиши мумкин.
Яхшиланган реакциялар
Реакция юборишдаги анимациялар янада ихчам бўлди. Каттароқ анимация юбориш учун реакциялар менюсидаги кулгич устида бармоғингизни ушлаб туринг.
Интерактив кулгичлар сингари, реакциялар энди жўнатувчи ва қабул қилувчи учун синхронлаштирилади — анимация суҳбатнинг барча иштирокчилари учун бир вақтнинг ўзида бошланади.
Янги реакциялар ва интерактив кулгичлар
Илованинг янги версиясида 5 та янги реакция пайдо бўлди. Ушбу кулгичлардан интерактив эможи сифатида ҳам фойдаланиш мумкин — улардан бирини алоҳида хабар сифатида юборинг ва анимацион версияни босинг.
Яқинда очилган чатларга ўтиш
Ҳаволалар ёрдамида ёки «Кейинги ўқилмаган каналга ўтиш» функциясидан фойдаланиб, бошқа чатларга бир неча марта ўтганингиздан сўнг тезда керакли чатга қайтишингиз мумкин.
«Қайси чатга қайтишни танлаш учун бармоғингиз билан орқага тугмасини босиб туринг. Рўйхатда сизни йўналтирган хабарлар, ҳаволалар, қисқа манзиллар, профиллардан ва ҳоказолар орқали кирган суҳбатларингиз бўлади», дейилади хабарда.
Бошқа тузатишлар ва ўзгаришлар
Январь ойида илова дастурчилари икки ҳафта давомида қўнғироқ сифатини яхшилаш, тезкор веб-браузерда таржималарни қўллаб-қувватлаш (шунингдек, iOS’да «Мен ҳақимда» майдонини таржима қилиш) каби маълум хатоларни тузатишга вақт ажратган.
Январь ойидаги инфляция
Ўзбекистонда инфляция январь ойида йиллик 9,8 фоизни ташкил этди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг январь ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматларнинг инфляцияси 0,9 фоизни ташкил этди. Йиллик нисбатда (2021 йилнинг январь ойига нисбатан) истеъмол секторида нархларнинг ошиш даражаси 9,8 фоизни ташкил этди.
Маълум бўлишича, 2022 йил январь ойидаги қисқа муддатли умумий инфляция ўтган йилнинг январь ойидаги кўрсаткичдан 0,1 фоиз бандга паст ва 2020 йилнинг январь ойидаги мос кўрсаткичдан 0,3 фоиз бандга баланд бўлди.
Шунингдек, 2022 йилнинг январь ойидаги йиллик инфляция 2021 йилнинг январидаги кўрсаткичдан 1,8 фоиз бандга ва 2020 йилнинг январь ойидаги мос кўрсаткичидан 4,5 фоиз бандга паст бўлди.
Электромобилларини «чақириб олаётган» Tesla
Tesla электромобиль автопилотидаги муаммо туфайли АҚШдаги 53 мингдан ортиқ автомобилларини чақириб олиш арафасида.
Миллий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг (NHTSA) маълум қилишича, автопилот мажбурий тўхташ белгиларига қарамай, соатига 9 километр тезликда ҳаракатланишда давом этган. Tesla эса ушбу носозлик туфайли содир бўлган бахтсиз ҳодисалардан хабардор эмас.
Компания, Миллий автомобиль йўллари ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (NHTSA) билан келишилган ҳолда, 2016-2022 йиллардаги Model S ва X, 2017-2022 йиллардаги Model 3 ва 2020-2022 йилларда чиққан моделларининг бир қисмини қайтариб олади. Tesla, шунингдек, хатони тузатиш учун автопилот дастурини янгилашга ваъда берган.
Қорақалпоғистонда тиббий ёрдам сифатини ошириш учун 7 млн доллар
JICA Қорақалпоғистонда тиббий ёрдамни ривожлантиришга 7 миллион доллар ажратди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 1 февраль куни Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) ўртасида «Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги инновацион клиникада тиббий ёрдамни такомиллаштириш» лойиҳаси учун 794 миллион иена (тахминан 6,9 миллион доллар) миқдорида грант шартномаси имзоланган.
Грант шартномасининг имзоланиши Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги Инновацион клиникага тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш тартиб-таомилларининг бошланиши бўлган.
Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йил сентябрь ойида фойдаланишга топширилган Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги Инновацион клиника биноларини қуриш ва таъмирлаш ишлари якунига етказилган. Инновацион клиника Қорақалпоғистондаги асосий ўқув базаси бўлиб, жами 120 ўринга мўлжалланган.
Қўшма лойиҳа Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини 2019–2025 йилларда ривожлантириш концепциясига мувофиқ амалга оширилмоқда, унда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида республикада аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, соғлом авлодни вояга етказиш учун шарт-шароит яратишни таъминлайдиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш мақсади белгиланган. Лойиҳа тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббиёт фанини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Грант шартномаси имзолангандан сўнг, лойиҳани ижро этувчи агентлик сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Японияда танлаб олинган маслаҳатчи ўртасида консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома тузилади (лойиҳа ва тендер ҳужжатларини тайёрлаш, тендер таклифларини баҳолаш, пудратчи ва етказиб берувчи билан шартномалар, асбоб-ускуналарни харид қилиш, етказиб бериш, ўрнатиш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишни назорат қилиш ва бошқалар бўйича).
JICA кўмагида етказиб бериладиган тиббий асбоб-ускуналар, жумладан, симуляция маркази учун ўқув жиҳозлари асосий касалликларни (электив жарроҳлик, терапия, кардиология, оториноларингология ва бошқалар) ташхислаш, даволаш ва олдини олиш бўйича ихтисослаштирилган соғлиқни сақлашнинг илғор усуллари, юқори технологик тиббий ёрдам сифатини ошириши кутилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон тиббиёт муассасаларининг кадрлар салоҳиятини сифат жиҳатидан ривожлантиришга хизмат қилади.
Москвага қўшимча авиақатновлар
Uzbekistan Airways Москвага қўшимча авиақатновларни йўлга қўяди.
Маълум қилинишича, Uzbekistan Airways 2022 йил 6 февралдан бошлаб Москвага Тошкент, Нукус, Урганч ва Термиз шаҳарларидан қўшимча қатновларни йўлга қўяди. Тошкент–Москва–Тошкент йўналишидаги авиақатновлар ҳафтасига уч маротаба — якшанба, душанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади.
Қайд этилишича, Нукус–Москва–Нукус йўналишидаги қатновлар — якшанба, Урганч–Москва–Урганч — пайшанба, Термиз–Москва–Термиз йўналишида парвозлар эса душанба кунлари амалга оширилади.
Таъкидланишича, авиачипталарни авиакомпаниянинг расмий сайтидан, Uzbekistan Airways Sales филиалидан ёки авиакомпания агентларидан харид қилиб олиш мумкин.
Австриянинг энг йирик банки ва Ўзбекистондаги лойиҳалар
Австриянинг энг йирик банки ҳисобланган UniCredit Bank Austria AG Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштиради.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Австриянинг UniCredit Bank Austria AG’нинг экспортни молиялаштириш департаменти директори Дорис Пигниттер ва таҳлил ва халқаро ҳамкорлик департаменти директори Рейнхард Пош билан музокаралар ўтказган.
Музокаралар чоғида банк-молия соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётига Австрия ҳукуматининг имтиёзли кредит линиялари ва имтиёзли кредитларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинган.
Австриянинг йирик молия институти вакилларига Ўзбекистонда банк соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро стандартларга жавоб берадиган ва хорижий сармояларни жалб этиш учун жозибадор шарт-шароитлар яратиб берилаётган ҳуқуқий муҳит ҳақида маълумот берилган.
Дорис Пигниттер UniCredit Bank Austria AG томонидан Австрия назорат банки (OeKB) билан ҳамкорликда Австрия компанияларининг Ўзбекистондаги фаолияти доирасида экспорт ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича тақдим этилаётган хизматларнинг кенг доирасини қайд этган.
Бундан ташқари, Австрия корхоналари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳалар учун Австрия ҳукумати томонидан минимал ва ҳатто ноль фоиз ставкаси билан имтиёзли кредит линиялари ва soft loan бериш имконияти алоҳида таъкидланган.
Икки томонлама муносабатлар ривожига янги суръат бағишлаш мақсадида UniCredit Bank Austria AG департамент директори ўзаро манфаатли барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирган.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






