Истеъмолчилар ҳуқуқларини бузган 466 нафар банк ходимидан 829 млн сўмлик жарима ундирилди
Қоидабузарликларга йўл қўйган 269 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Ўзбекистонда 2021 йил истеъмолчилар ҳуқуқларини бузган 466 нафар банк ходимидан 829 млн сўмлик жарима ундирилди. Бу ҳақда Марказий банк департамент директори Акмал Назаров АОКАда ўтказилган брифингда хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтказилган ўрганишлар ва назорат тадбирлари натижасида хизмат кўрсатишда истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган 16 та тижорат банки ва 8 та микрокредит ташкилотидан жами 1 миллиард 177 миллион сўм миқдорида жарималар ундирилган.
Банкларга нисбатан кўрилган чоралар таъсирчанлигини ошириш мақсадида ундирилган жарималарнинг 829 миллион сўми ёки 70 фоизи қоидабузарликлар йўл қўйилишига сабабчи бўлган банкларнинг 466 нафар масъул ходимлари ҳисобидан қопланган.
Шу билан бирга, тижорат банклари томонидан қоидабузарликларга йўл қўйган 269 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилган истеъмолчилар рағбатлантирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди. Шунингдек, Ўзбекистонда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган 15 нафар фуқарога 9 миллион сўм мукофот берилгани хабар қилинди.






