JICA Қорақалпоғистонда тиббий ёрдам сифатини оширишга 7 млн доллар ажратди
JICA ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида грант шартномаси имзоланди.

JICA Қорақалпоғистонда тиббий ёрдамни ривожлантиришга 7 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 1 февраль куни Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) ўртасида «Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги инновацион клиникада тиббий ёрдамни такомиллаштириш» лойиҳаси учун 794 миллион иена (тахминан 6,9 миллион доллар) миқдорида грант шартномаси имзоланган.
Грант шартномасининг имзоланиши Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги Инновацион клиникага тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш тартиб-таомилларининг бошланиши бўлган.
Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йил сентябрь ойида фойдаланишга топширилган Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги Инновацион клиника биноларини қуриш ва таъмирлаш ишлари якунига етказилган. Инновацион клиника Қорақалпоғистондаги асосий ўқув базаси бўлиб, жами 120 ўринга мўлжалланган.
Қўшма лойиҳа Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини 2019–2025 йилларда ривожлантириш концепциясига мувофиқ амалга оширилмоқда, унда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида республикада аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, соғлом авлодни вояга етказиш учун шарт-шароит яратишни таъминлайдиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш мақсади белгиланган. Лойиҳа тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббиёт фанини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Грант шартномаси имзолангандан сўнг, лойиҳани ижро этувчи агентлик сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Японияда танлаб олинган маслаҳатчи ўртасида консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома тузилади (лойиҳа ва тендер ҳужжатларини тайёрлаш, тендер таклифларини баҳолаш, пудратчи ва етказиб берувчи билан шартномалар, асбоб-ускуналарни харид қилиш, етказиб бериш, ўрнатиш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишни назорат қилиш ва бошқалар бўйича).
JICA кўмагида етказиб бериладиган тиббий асбоб-ускуналар, жумладан, симуляция маркази учун ўқув жиҳозлари асосий касалликларни (электив жарроҳлик, терапия, кардиология, оториноларингология ва бошқалар) ташхислаш, даволаш ва олдини олиш бўйича ихтисослаштирилган соғлиқни сақлашнинг илғор усуллари, юқори технологик тиббий ёрдам сифатини ошириши кутилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон тиббиёт муассасаларининг кадрлар салоҳиятини сифат жиҳатидан ривожлантиришга хизмат қилади.
Аввалроқ Япониянинг JICA агентлиги Фарғонада ипакчиликни тадқиқ қилиш учун грант ажратиши хабар қилинганди.






