Йирик брендларнинг Ўзбекистонга кириши нега кечикмоқда?
Тажрибали маркетолог Шоҳруҳ Низомиддинов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистон бозорида кам сонли халқаро даражадаги машҳур брендлар фаолият олиб бормоқда. 2016 йилдан сўнг мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларга қарамай, Apple, PUMA, Reebok каби брендлар ушбу бозорга киришга шошилмаяпти.
Тажрибали маркетолог, FCB Artgroup агентлиги креатив директори Шоҳруҳ Низомиддинов Kommers.uz билан суҳбатда йирик брендларнинг Ўзбекистонга кириши кечикаётгани бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Нашр суҳбатдоши 2020 йилнинг январида бошланган коронавирус пандемиясини брендлар янги бозорларга киришда шошилмаётганининг биринчи сабаби қилиб кўрсатди.
«Унутиш керакмас-ки, мана икки йил пандемия бўлди. Умуман бу пандемия ҳаммани ‘шок’ка солиб қўйди. Нафақат бир катта брендларни, балки давлатларни ‘шок’ка солиб қўйди», — дейди у.
Шоҳруҳ Низомиддиновнинг фикрича, катта брендлар 2016 йилдан кейин бошланган ислоҳотлардан сўнг, Ўзбекистонга киришга интилган, режалаштирган. Бироқ пандемия ушбу жараённи тўхтатиб қўйди.

«Ушбу жараён тўхтади. Чунки кўп компаниялар зарар кўрди, савдолари тушиб кетди. Албатта, кучли брендлар бундай пайтда ўзини яхши ҳис қилади. Барибир савдо бутун дунёда тушди», — дейди у.
Нашр суҳбатдоши Ўзбекистон халқаро брендлар учун яхши бозор эканини қўшимча қилган.
«Ҳозирги кунда Ўзбекистонга ўхшаган ўсаётган давлат кам. Ҳатто, пандемия даврида ҳам бизнинг давлат ўсди. Чунки бизда катта буфер бор эди. Шунча вақтдан бери давлат ўсмай келаётганди», — дейди Шоҳруҳ Низомиддинов.
Маълумот учун, Carrefour халқаро супермаркетлар тармоғи Ўзбекистонга кирган биринчи хорижий ритейлер бўлди. Samsung’нинг республикада тўртта расмий ваколатхонаси бор, унинг рақиби Apple эса фақат биринчисини очишни режалаштирмоқда.
2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда дунёнинг машҳур H&M (Швеция), ZARA (Испания), LC Waikiki (Туркия), PUMA (Германия), Reebok (Буюк Британия), Uniqlo (Япония) каби брендлари ҳамкорлигида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.






