JPMorgan Россияни 1998 йилдаги каби иқтисодий инқироз хавфидан огоҳлантирди
Мамлакат иқтисодиёти 2022 йилда 7–9 фоизга қисқариши кутилмоқда.

JPMorgan’нинг огоҳлантиришича, Россия 1998 йилдагидан ҳам ёмонроқ иқтисодий инқирозга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg нашри JPMorgan Chase таҳлилчилари ҳисоботига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, JPMorgan 2022 йил Россия ялпи ички маҳсулоти 7 фоизга қисқаришини кутмоқда. Goldman Sachs, ўз навбатида, Россия иқтисодиётининг 9 фоизга пасайишини башорат қилмоқда. 1998 йилги инқирозда Россия иқтисодиёти 5,3 фоизга қисқарганди.
«Санксиялар барқарорликнинг икки устунига путур етказмоқда — Марказий банк валюта захираларининг ‘қўрғони’ ва Россиянинг жорий ҳисобидаги профицит. Санкциялар чуқур таназзулга юз тутаётган Россия иқтисодиётида ўз изини қолдиради», дейилади JPMorgan ҳисоботда.
Шунга қарамай, инвесторларнинг таъкидлашича, Украинага ҳужумнинг инсоний ва геосиёсий оқибатлари 1998 йилда кузатилганидан каттароқ бўлса-да, қисқа муддатли истиқболда рублнинг пасайиши камроқ бўлди ва Москвада дефолтнинг олдини олиш учун кўпроқ имкониятлар мавжуд. Айниқса, агар бошқа давлатлар энергия экспортига санкциялар жорий этишга қаршилик кўрсатишда давом этса.
«Энг ташвишли нарса узоқ муддатли истиқболдир. Санкциялар қанчалик узоқ давом этса, айниқса, агар улар газ ва нефть экспортига татбиқ этилса, Россия келгуси йиллар давомида дахлсиз капитал бозорига айланиши эҳтимоли шунчалик юқори бўлади», — дейди State Street Global Markets эксперти Тим Граф.
Bloomberg Economics ҳисоб-китобларига кўра, нефть ва газ экспортини блокировка қилиш Россия иқтисодиётини 2022 йилда тахминан 14 фоизга қисқартириши мумкин. Бироқ Ғарб давлатлари Россия энергетика ресурсларига нисбатан санкциялар қўллашга шошилмаяпти, чунки улар бундай чоралар ўз иқтисодиётига жиддий салбий таъсир кўрсатишидан қўрқади.
Худди шундай прогнозни аввалроқ миллиардер Олег Дерипаска ҳам айтган эди. Унинг сўзларига кўра, камида яқин уч йил ичида Россияни «қаттиқ» инқироз кутмоқда.
«Буни тасаввур қилиш учун 1998 йилги инқирозни учга кўпайтиринг», — деган эди тадбиркор.
Аввалроқ Россия банклари Украинага ҳужум бошланишидан олдин санкцияларнинг оқибатларини прогноз қилгани ҳақида хабар берилди. Шунингдек, Россия компаниялари ёппасига Хитой банкларида ҳисоб рақам очишни бошлагани хабар қилинди.






