«Капитал суғурта» компанияси «Анорбанк»нинг 32 млн дона акциясини сотиб олди
Ўзбекистон капитал бозорида 29 июнь куни жами 51,8 миллиард сўмлик битимлар тузилди.
«Капитал суғурта» компанияси 29 июнь куни «Анорбанк»нинг 32 миллион дона акциясини сотиб олди. Бу ҳақда Молия вазирлиги маълумот берди.
Қайд этилишича, 29 июнь куни уюшмаган бозорда «Капитал суғурта» АЖ «Анорбанк» АЖнинг 32 миллион дона акциясини сотиб олган.
Ушбу санада жами 51,8 миллиард сўмлик битимлар тузилган. «Тошкент» республика фонд биржасида «Кафолат суғурта компанияси» АЖ ва «Элсис-савдо»да «Навоий дори-дармон» қимматли қоғозлари билан асосий битимлар тузилган.
Маълумот учун, «Анорбанк» Ўзбекистондаги энг фаол банклар рейтингида 14 та кичик банк орасида тўртинчи ўринни банд қилганди. «Анорбанк» ва «Пойтахт банк» ўзаро ўрин алмашган.
Аввалроқ Марказий банк назорат тадбирларида аниқланган қоидабузарликларга йўл қўйган 22 та банкка ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборганди. Улар орасида «Анорбанк» ҳам бор эди.
Шунингдек, регулятор омонатлар ва кредит билан билан боғлиқ муаммолар бўйича «Анорбанк»ка ҳам кўрсатма хати юборди.