«Кемалар фойдали сармояга айланмоқда». 2021 йил супер яхталар савдоси 77 фоизга ўсди
2021 йил йирик яхталар сотуви кузатилган бутун вақт давомида рекорд кўрсаткич ўрнатилди

Дунё бўйича 2021 йилда 887 та супер яхта сотилган, бу 2020 йилга нисбатан 77 фоизга, 2019 йилдаги кўрсаткичдан икки баравар кўп. Бу ҳақда VesselsValue денгиз маълумотлари компанияси ҳисоботида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2021 йили йирик яхталар сотуви кузатилган бутун вақт давомида рекорд кўрсаткич ўрнатилган. VesselsValue экспертлари дунёнинг энг бой одамлари бойлигининг ўсиши ва уларнинг коронавирус пандемияси фонида якка дам олишга бўлган эҳтиёжини талабнинг асосий омиллари билан боғлади.
Forbes рўйхатидаги 2660 миллиардернинг умумий бойлиги 2021 йилнинг январь ойидан декабрь ойининг бошигача 1,6 триллион долларга ошган.
Bloomberg’нинг ёзишича, 2022 йилда фонд бозорларидаги фоиз ставкаларининг кўтарилиши ва ўзгарувчанлиги инвентарь этишмаслиги туфайли, ҳеч бўлмаганда, кейинги бир неча ой ичида яхталар нархини пасайтириб юбориши даргумон.
«Ҳозир яхта эгалари учун ажойиб вақт. Кемани бир йил аввал сотиб олганлар энди уни даромад эвазига сотишлари мумкин ва бутун мавсум давомида текин яхтада саёҳат қилишлари мумкин», — деди компаниянинг супер яхталар бўлими раҳбари Сэм Такер Bloomberg’га берган интервьюсида.
Мана шу воқеалар фонида мега яхталар фойдали сармояга айланмоқда. VesselsValue маълумотларига кўра, 2021 йилда уларнинг нархи 5-8 фоизга ошди.
Аввалроқ 2021 йилда сотилган 10 та энг қиммат супер яхта рейтинги тақдим этилганди.






