Когон шаҳрида фуқаро савдо дўконини ҳокимликка «беғараз» совға қилди
Қарор «Уй-жой» кодексининг 12-моддаси ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги» қонун 6-моддаси талабига асосан қабул қилинган.

Бухоро Когон шаҳрида фуқаро савдо дўконини ҳокимликка «беғараз» топшириш тўғрисида ариза ёзди. Шаҳар ҳокими Ҳаёт Давлатовнинг савдо-дўкони биносини ҳокимлик балансига қабул қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Фуқаро Х.Рашидованинг 6 декабрь куни ўзига шахсий мулк сифатида тегишли бўлган Когон шаҳар бош бекати ҳудудидаги савдо дўкони Когон шаҳар ҳокимлигига беғараз топшириши тўғрисидаги ёзган аризаси маълумот ва ижро учун қабул қилинди.
Қайд этилишича, қарор «Уй-жой» кодексининг 12-моддаси ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги» қонун 6-моддаси талабига асосан қабул қилинган.
Шаҳар ҳокими ўринбосари А.Аминов, шаҳар ҳокимлиги бош ҳисобчиси Г.Нишонова, «Когон уй-жойлар ва нотурар жойлардан фойдаланиш ва ҳисобга олиш» давлат унитар корхонаси раҳбари Ж.Ишанқуловга Когон шаҳар бош бекат ҳудудидаги хажми 60 метр квадрат бўлган савдо дўконни нотариал идораси билан биргаликда қабул қилиш топширилган.
Аввалроқ фуқаро Зиёда Латипова ўзига тегишли Mercedes-Benz S500 Hybrid русумли автомобилни Тошкент шаҳар ҳокимлигига беғараз топширганди.






