Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга қанча миқдорда энергия ресусрлари етказиб берилиши маълум бўлди
Энергетика вазирлиги бу йил ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан 2 млрд 540 млн киловатт/соатга кўп электр энергияси етказиб бермоқчи

Энергетика вазири куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилишича, куз-қиш даврида истеъмолчиларга жами 30,6 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилиши режалаштирилган. Шундан 10,4 миллиард куб метр ҳажмда аҳоли истеъмолчиларига ва 20,2 миллиард куб метри – иқтисодиёт тармоқларига етказилади.
Шунингдек, куз-қиш даврида республикадаги истеъмолчиларга жами 34 миллиард 918 миллион (ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан 2 млрд 540 млн киловатт/соатга кўп) электр энергияси етказиб берилиши режалаштирилмоқда. Мавсум давомида аҳолига 10 миллиард 938 миллион киловатт/соат электр энергияси етказиб берилади.
Аввалроқ Тошкентда аҳоли ва тадбиркорлар учун иссиқлик таъминоти тарифлари оширилмаслиги ҳақида хабар қилинганди.






