
Lacoste Marks & Spencer’ни тимсоҳ тасвиридан фойдалангани учун судга берди
Компания рақибидан маҳсулотларни ўз ҳисобидан йўқ қилишни талаб қилган.

Lacoste компанияси Marks & Spencer’ни савдо белгиси ҳуқуқини бузгани учун судга берди. Бу ҳақда Bloomberg маълум қилди.
Француз компаниясининг Лондон судига берган даъвосига кўра, компания Буюк Британия ритейлерининг маҳсулотларда ўз логотипига ўхшаш тимсоҳ тасвирларидан фойдаланаётганидан норози.
Даъво аризасида Lacoste ушбу маҳсулотларни сотишга қарши буйруқ беришни сўрамоқда ва Marks & Spencer компаниясидан барча тимсоҳ тасвирли маҳсулотларини ўз ҳисобидан йўқ қилишни талаб қилмоқда.
«M&S’нинг тушунмовчилик келтириб чиқарадиган ва маркетингни адолатсиз кучайтириши мумкин бўлган брендлашдан фойдаланишга ҳаққи йўқ эди», дейилади Lacoste даъвосида.
Маълумот ўрнида, Lacoste бренди 1933 йилда «Тимсоҳ» лақабли теннисчи Рене Лакост томонидан яратилган.
«Ҳайвон босмалари мижозларимиз орасида жуда машҳур ва ўтган мавсумда баъзи коллекцияларда тимсоҳнинг декоратив нақшлари ҳам бор эди», дея изоҳ берган M&S даъволарга.
Шунингдек, M&S ушбу маҳсулотлар оригинал ва бошқа брендлардан мустақил равишда яратилганини даъво қилган. Бундан олдин компаниянинг ўзи ҳам рақиби Aldi’ни судга бериб, уни Colin the Caterpillar — чувалчанг шаклидаги тортни нусхалашда айблаган эди.
Аввалроқ Nike Lululemon’ни патентни бузганлик учун судга бергани хабар қилинганди.






