Марказий банк 2022 йилда 34 тонна олтин сотиб олди
Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, 2022 йили Ўзбекистон Марказий банки олтин захираларини 34 тоннага оширган. Дунё бўйлаб Марказий банклари томонидан олтинни соф харид қилиш ҳажми 417 тоннани, иккинчи ярим йилликда жами харидлар эса 862 тоннани ташкил этди
Ўзбекистон Марказий банки 2022 йилда олтин захираларини 34 тоннага оширди. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши World Gold Council (WGC) маълумотларида келтирилган.
Қайд этилишича, Марказий банк 2022 йилни олтин сотувчиси сифатида бошлаган ва уни харидор сифатида якунлаган. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қирғизистон (6 тонна) ва Тожикистон (4 тонна) асосий харидорга айланган. IV чоракда турли мамлакатлар Марказий банклари томонидан олтинни соф харид қилиш ҳажми 417 тоннани, иккинчи ярим йилликда жами харидлар эса 862 тоннани ташкил этди.
Қозоғистон 2022 йили энг кўп олтин сотувчи бўлди: мамлакат қимматбаҳо метал захираларини 51 тоннага камайтириб, 352 тоннани (умумий заҳиранинг 58 фоизи) ташкил этди.
WGC’нинг таъкидлашича, Марказий банкнинг олтин сотиб олиш қарорларини келтириб чиқарадиган иккита асосий омил бор. Улар инқироз давридаги ва узоқ муддатли қиймат захираси ҳисобланади.
«Геосиёсий ноаниқлик ва инфляция билан кечган бир йилда марказий банклар олтин захираларини тезлаштирилган суръатда тўлдиришни давом эттиришга қарор қилгани ажабланарли эмас», кенгаш ҳисоботида.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг халқаро олтин-валюта захиралари ярим млрд долларга камайганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари эса кўпайгани ҳақида хабар қилинганди.