Марказий банк аҳоли томонидан сезилган инфляция динамикасини тақдим этди
2022 йилнинг октябрь ойида йиллик инфляция даражаси 12,2 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси эса 15,9 фоизни ташкил этди. 0,3 фоиз бандга ошди ва 11,9 фоиз атрофида шаклланди

Марказий банк томонидан «2022 йилнинг октябрь ойида аҳолининг даромадлар кесимида инфляция даражаси ва сезилган инфляция шарҳи» тақдим этилди.
Унга кўра, 2022 йилнинг октябрь ойида йиллик инфляция даражаси 12,2 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси эса 15,9 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида, 7 та ҳудудда умумий ва озиқ-овқат инфляция кўрсаткичлари республика бўйича ўртача инфляциядан баландроқ бўлди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурҳондарё, Сирдарё, Навоий, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида озиқ-овқат нархлари ўсиши суръатлари қолган ҳудудларга нисбатан юқорироқ эканлигини кўриш мумкин.
Асосий турдаги истеъмол товарлари нархларининг октябрь ойида нисбатан барқарор бўлганлиги кам ва ўрта даромадга эга уй хўжаликларининг инфляцияси пасайишига хизмат қилди. Жумладан, 2 млн. сўм ва 2-4 млн. сўмгача даромадлиларнинг инфляцияси мос равишда 0,7 ва 0,3 фоиз бандгача камайди (мос равишда 13,5 ва 12,3 фоизни ташкил этди). Ўтган ой давомида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиш тенденциялари секинлаша бошлагани ижтимоий товарлар нархлари ўзгаришида ҳам ўз аксини топмоқда. Октябрь ойида ижтимоий товарлар1 нархларининг йиллик ўсиши 15,6 фоизгача пасайди (сентябрда 16,9 фоиз). Ушбу ҳолат асосий турдаги истеъмол маҳсулотлари ҳисобланган пиёз, картошка ҳамда шакар
маҳсулотлари йиллик ўсиш суръатларининг ўтган ойларга нисбатан секинлашиши билан изоҳланади.
Жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентлар томонидан сезилган инфляция даражаси бироз пасайиб 14,6 фоизни ташкил этди. Белгиланган жавобларнинг медиана қиймати 0,3 фоиз бандга ошди ва 11,9 фоиз атрофида шаклланди.
Хусусан, сўров иштирокчилари орасида инфляцияни 13-20 фоиз даражада ҳис қилганлар улуши ўтган ойга нисбатан 7 фоиз бандга кўпайди. Аксинча, инфляцияни 20 фоиздан юқори ошганини ҳис қилганлар улуши сентябрь ойидаги 24 фоиздан октябрь ойида 20 фоизгача камайди.
Октябрда респондентлар томонидан асосий истеъмол товарларидан нархлари юқори ошганлигини белгилаганлар улуши ўтган ойга нисбатан қисқарган.
Хусусан, гўшт, сут, ёғ, тухум, кийим, пойабзал ҳамда ижара ҳақи нархлари юқори даражада ошган деб қайд этганлар улуши деярли ўзгармаган бўлса, нон, ун, шакар, бензин нархлари ошганлигини белгилаган респондентлар улуши ўтган ойга нисбатан камайганини кўриш мумкин.
Шунингдек, ишлаб чиқариш, тиббиёт, маиший хизмат, илм-фан ва таълим ҳамда давлат ташкилотларида фаолият юритаётган респондентлар инфляцияни юқорироқ сезишган.
Ҳудудлар кесимида Тошкент, Хоразм, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида респондентлар томонидан сезилган инфляция даражаси нисбатан юқорироқ даражада шаклланган бўлса, Сурхондарё, Навоий, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида нисбатан пастроқ кўрсаткичлар қайд этилди.






