Маскнинг SpaceX компанияси вулқон отилишидан зарар кўрган Тонга Қироллигида Интернетни тиклайди
14 январь куни мамлакатда вулқон отилиб, цунами юз берган.

Илон Маскнинг Starlink сунъий йўлдош интернет компанияси Тинч океанидаги орол давлати — Тонгага ташқи дунё билан қайта алоқа ўрнатишга ёрдам бермоқда. Бу ҳақда Reuters қўшни Фижи республикаси расмийларига таяниб ёзмоқда.
«SpaceX жамоаси ҳозир Фижида бўлиб, Тонгани дунё билан қайта боғлаш учун Starlink станциясини ўрнатмоқда», — деб ёзди Фижи бош прокурори Айяз Сайед-Хайюм Twitter саҳифасида.
SpaceX’нинг иш вақти номаълум, бироқ Фижи радиоэшиттириш корпорацияси Сайед-Хайюмга таяниб, муҳандислар Фижидаги ерости станциясида олти ой давомида ишлашини айтган.
Бундан ташқари, Refinitiv юк ташиш маълумотлари шуни кўрсатадики, Reliance кабель таъмирлаш кемаси деярли бир ҳафтадан бери Тонга асосий ороли қирғоқларида бўлиб, шикастланган сув ости кабелини тузатишга ҳаракат қилмоқда.
Маълумот учун, 14 январь куни Тонга Қироллигида Хунга-Тонга-Хунга-Хаапай вулқони отила бошлади. 15 январь куни кучли портлаш ва фаол вулқон фаоллиги туфайли оролда бир нечта цунами содир бўлди, бу эса мамлакат пойтахти Нукуалофага, шунингдек, яқин атрофдаги архипелагларга таъсир кўрсатди. Тонга ҳудудининг катта қисми вулқон куллари билан қопланган, телефон ва интернет алоқаларини таъминловчи денгиз ости кабели шикастланган.
Аввалроқ Илон Маскнинг SpaceX компанияси 2022 йил рекорд даражада кўп ракета учириши хабар қилинганди.






