МДҲ саммитида қатнашган Мирзиёев, 400 нафарга кўпайган миллиардерлар ва кадрларини сийлаётган Apple — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2021 йилнинг 29 декабрь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
МДҲ саммитида қатнашган Мирзиёев
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.
Саммитда Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам иштирок этди.

Маълум қилинишича, учрашувда жорий йилги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, келгуси 2022 йилга мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама қилинган. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.Пандемия оқибатларини енгиб ўтиш ва эпидемиологик хавфсизликни таъминлашда яқин ҳамкорликни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
МДҲни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон раҳбари асосий эътиборни учта: сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликка қаратишни таклиф этди.

Қайд этилишича, МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш ва транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланган. Иштирокчиларнинг эътибори глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олган ҳолда барқарор «яшил» тараққиётга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга ошириш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратилган.
Озиқ-овқат хавфсизлигини мамлакатларимиз иқтисодиётларининг рақобатли устунликлари ва бир-бирини тўлдириб туришидан фойдаланган ҳолда таъминлаш масалаларини ҳал қилишга доир янги ёндашувлар ишлаб чиқиш долзарб экани қайд этилган.
400 нафарга кўпайган миллиардерлар
Дунёда 2021 йил миллиардерлар сони 400 нафарга кўпайди.
Forbes нашрининг маълум қилишича, 17 декабрь ҳолатига кўра, дунёда 14 триллион доллар бойликка эга 2600 нафар миллиардер бор. Аёллар орасида 2021 йилнинг энг бой миллиардери казино магнат Шелдон Адельсоннинг беваси Мириам Адельсон бўлди. У ўзининг капиталининг катта қисмини ташкил этувчи Las Vegas Sands’даги улушини мерос қилиб олди, экспертлар уни 27,1 миллиард долларга баҳоламоқда.
Қўшиқчи, мода магнатига айланган Рианна Fenty Beauty косметика брендидаги 50 фоиз улуши туфайли 1,7 миллиард доллар бойлиги билан дунёдаги энг бадавлат мусиқачи аёлга айланди. У ўзининг туғилган жойи Барбадосда биринчи миллиардер бўлди ва расман «миллий қаҳрамон» деб эълон қилинди.
Миллиардерлар рўйхатига янги қўшилганларнинг кўпчилиги Хитойдан. У ерда 160 га яқин янги миллиардер пайдо бўлган. Иккинчи ўринда 100 га яқин янги бойлар пайдо бўлган АҚШ турибди. Шунингдек, Ҳиндистон ва Германиядан 20 дан ортиқ, Швециядан эса 12 нафар миллиардер рўйхатга қўшилган. 2021 йил 3 та мамлакатда илк миллиардерлар пайдо бўлди.
Хусусан, энг бойлар рўйхатига ветеринария товарлари, юк ташиш, кўчмас мулк ва футбол соҳасида империя яратган, қиймати 4,2 миллиард долларга тенг давлат компанияларини хусусийлаштирган болгариялик ака-ука миллиардерлар Кирилл ва Георгий Домушиевлар ҳам бор.
Эстониядан миллиардерлар рўйхатига июль ойида Лондон фонд биржасида кўрсатилган Wise тўлов хизмати асосчилари Кристо Кяерманн ва Таавет Хинрикус ҳам киритилган.
Кадрларини сийлаётган Apple
Apple компанияси аппарат ва дастурий таъминот ҳамда операцион бўлимларидаги баъзи муҳандисларга акциялар шаклида бонуслар тарқатди.
Маълум бўлишича, акциялар ходимларга тўрт йил ичида тўлиқ ўтади. Apple шу орқали ходимларни компанияда қолишга рағбатлантиради.
Бонуслар муҳандисларга юқори кўрсаткичлари учун мукофот сифатида берилган ва унинг миқдори 50 минг доллардан 180 минг долларгача бўлган. Кўпчилик 80 минг, 100 минг ёки 120 минг доллар миқдорида акция олган.
Хабарга кўра, ушбу тўловлар Apple компаниясининг асосий иш ҳақи, фонд бирликлари ва пул бонусини ўз ичига олган мунтазам компенсация пакетининг бир қисми эмас. Apple вақти-вақти билан ходимларга қўшимча пул мукофотлари тўлайди, аммо охиргисининг миқдори одатдагидан кўп бўлган.
Bloomberg нашрининг ёзишича, Apple Силикон водийси ва ундан ташқаридаги компаниялар билан рақобатлашмоқда, Meta эса алоҳида хавф туғдиряпти. Цукербергнинг компанияси сўнгги бир неча ой ичида 100 га яқин Apple муҳандисларини ишга олган.
Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун квотани камайтирган Корея
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан имзоланган англашув меморандумларига мувофиқ, Корея томонидан тақдим этилаётган квоталар ҳамда шартномалар сони сўнгги йилларда кескин камайиб бораётгани кузатилмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда агентликнинг Кореядаги ваколатхонаси ушбу масалага ечим топиш мақсадида Квангжу, Чангвон, Кимхе, Пусан каби йирик шаҳарлари, Бандлик ва меҳнат вазирлиги, HRD ташкилотининг ҳудудий бошқармалари, Чет эллик ишчиларни қўллаб-қувватлаш марказлари, иш берувчилар ва соҳага оид мутахассислар билан учрашув ҳамда музокаралар олиб борган.
«Кореяда Республикасида ноқонуний ишлаётган фуқаролар келгусида Кореяда меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштираётган фуқароларнинг кетишларига тўсиқ бўлмоқда», дейилади изоҳда.
Маълум бўлишича, бунга коронавирус пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият, меҳнат мигрантларининг карантин қоидалари ва мамлакат қонунларига риоя қилиши кабилар билан бирга, иш жойини ташлаб кетиш, меҳнат шартномаси, виза муддати тугагач ноқонуний қолиб кетиш, иш берувчи билан келиша олмаслик ва низоли ҳолатларнинг тез-тез вужудга келиши, одоб-ахлоқ, муомала маданияти ва санитария-гигиена масалаларига аҳамият бермаслик ва бошқа шу каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.
Озарбайжонда автомобиль йиғишни бошлаган UzAuto Motors
UzAuto Motors 28 декабрда Озарбайжоннинг Ҳожиқобул шаҳрида Damas, Labo, Lacetti, Tracker ва Malibu автомобилларини йиғишни йўлга қўйди.
Маълум қилинишича, ишлаб чиқариш Azermash CP заводининг ишлаб чиқарув қувватларида йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда 2021 йилнинг сентябрь ойидан буён Chevrolet Nexia ва Cobalt автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. Барча маҳсулотлар General Motors (АҚШ) томонидан ўрнатилган жаҳон стандартларига мувофиқ ишлаб чиқарилади.

«Ушбу йўналишда кейинги қадам Озарбайжондаги Chevrolet автомобиллари портфолиосини янги перспектив автомобиль моделлари билан тўлдириш шунингдек, келгуси йилларда ишлаб чиқаришни босқичма-босқич ошириш: 2022 йил охирига келиб, йилига камида 5000 та автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эришиш режалаштирилган», дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, Боку шаҳри яқинида жойлашган Ҳожиқобул саноат квартали таркибига кирувчи Azermash CP — AVTOSANOAT INVEST (Ўзбекистон) ва STA INSAAT (Озарбайжон) корхоналари томонидан ташкил этилган қўшма компания ҳисобланади.
Намангандан Россиянинг 8 та шаҳрига йўлга қўйиладиган парвозлар
Uzbekistan Airways «Шарқий» хаб лойиҳаси доирасида Намангандан Россиянинг 8 та шаҳрига парвозларни йўлга қўяди.
Маълум қилинишича, Uzbekistan Airways томонидан Фарғона водийсидан талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича парвоз қилиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида «Шарқий» хаб лойиҳаси ташкил этилган.
Лойиҳага кўра, авиакомпания минтақадан Россия ва Фарғона водийси аҳолиси орасида машҳур бўлган узоқ хориж шаҳарларига йўналиш тармоғини кенгайтириш учун Наманган ва Фарғона шаҳарларининг халқаро аэропортларидан фойдаланади.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг 31 январидан бошлаб авиакомпания Uzbekistan Airways Express ҳаво кемаларида Full Economy (тўлиқ иқтисодий синф) тамойили асосида Намангандан Москва, Перм, Самара, Омск, Оренбург, Иркутск, Краснодар ва Екатеринбургга тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновларни амалга оширишни бошлайди. Талаб ошгани сайин, Намангандан йўналиш тармоғини кенгайтириш ҳам кўриб чиқилади.
Таъкидланишича, Фарғона шаҳар халқаро аэропортидан Москва, Қозон ва Истанбулга авиақатновлар амалга оширилмоқда ва бу «Шарқий» хаб ташкил этилишининг биринчи босқичи бўлиб хизмат қилган. «Шарқий» хабни ривожлантиришнинг иккинчи босқичи якунлангач Намангандан парвозларни амалга ошириш бошланади.
Шундан сўнг, Uzbekistan Airways учинчи босқичга — Фарғона шаҳридан парвозлар сонини кўпайтириш, шунингдек Фарғона халқаро аэропортидан йўналиш тармоғини кенгайтиришга ўтади. Шу билан бирга, Фарғонадан парвозлар фақат классик (бизнес ва иқтисодий синфлар) авиақатновлар асосида ташкил этилади.
Илон Маск биткоиннинг эҳтимолий асосчиси ҳақида
Миллиардер Илон Маск биткоин асосчиси Сатоши Накамото тахаллуси остида 1998 йилда bit gold деб номланган марказлашмаган рақамли валюта алгоритмини ишлаб чиққан математик олим яширинмоқда деб ҳисоблайди.
Маскнинг сўзларига кўра, ҳақиқий Сатоши Накамото америкалик олим Ник Сабо бўлиши мумкин, чунки унинг ғоялари биринчи криптовалюта асосидаги тамойилларга жуда ўхшаш.
Сабо амалда жорий этилмаганига қарамай, биткоиннинг ўтмишдоши ҳисобланувчи bit gold марказлаштирилмаган валюта алгоритмининг асосчисидир.
Ник Сабонинг биткоин яратишдаги иштироки жуда кенг тарқалган назария ҳисобланади. Олимнинг ишларини ўрганиб чиққан Астон университети тилшунослари Сабонинг ёзиш услуби ва кўтарган мавзулари биткоиннинг white paper’ига жуда ўхшаш, деган хулосага келган.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






