Медиа, кўчмас мулк ва инвестиция: энг кўп миллиардер етишиб чиққан соҳалар қайси?
Американинг энг бой одамлари рўйхати ва уларнинг даромад манбалари таҳлил қилинди

Миллиардерлар ҳамма нарсадан пул топади — қурилиш материалларини сотишдан тортиб энергетик ичимликлар ишлаб чиқаришгача. Аммо баъзи соҳаларда миллиардерлар рейтингига кириш имконияти юқорироқ. Forbes USA Американинг энг бой одамлари рўйхати ва уларнинг даромад манбаларини таҳлил қилди.
Бой бўлишнинг энг ишончли йўли молия ва инвестициядир. Американинг энг бой одамларининг тўртдан бир қисмидан кўпроғи ўз бойликларини хеж-фондлар ва акцияларга инвестиция қилиш соҳаларида орттирган. Молия ва сармоя ҳисобидан бойиб кетган 103 миллиардер орасида Уоррен Баффет ва Карл Айкан каби машҳур гигантлар ва инвестиция компанияси бош директори Рамзи Мусаллам ва Susquehanna International Group асосчиси Жефф Ясс каби янги юзлар бор.
Молиявий гигантларнинг яна бир тоифаси криптовалюта миллиардерларидир. Биткоин янги рекордлар ўрнатаётган ва криптовалюталар оммалашиб бораётган бир пайтда, Forbes 400 рейтингидаги 6 нафар янги миллиардер, жумладан Кэмерон ва Тайлер Уинклвосс ҳамда 29 ёшли Сэм Бэнкмен-Фрид криптовалюталар сабаб бойиб кетди.
Технологиялар. Сўнгги 10 йил ичида америкаликларнинг энг бойлари рейтингига IT соҳаси каби бошқа ҳеч бир сектор таъсир кўрсатмаган. Американинг энг бой одамларининг бешдан бири технологиялардан пул ишлаб топган.
Миллиардерлар орасидаги энг яхши 10 таликдан 7 нафари IT соҳасида фаолият юритади, жумладан Amazon асосчиси Жефф Безос ва Facebook бош директори Марк Цукерберг. 2021 йил яна 11 нафар IT миллиардери рейтингда дебют қилди. Crowdstrike киберхавфсизлик компанияси асосчиси Жорж Куртс бутун дунё бўйлаб хакерларни кузатишда ёрдам бериб, 4,1 миллиард доллар бойлик тўплашга эришди. Pinterest асосчилари Бен Зильберман ва Пол Скьярра ижтимоий тармоқ акциялари 2019 йилда биржага чиқиб, 107 фоизга кўтарилганидан сўнг рейтингга киришга муваффақ бўлди.
Озиқ-овқат ва кийим-кечак каби ҳамма учун зарур бўлган нарсаларни сотиш ҳам яхши бизнес, агар сиз буни кенг миқёсда қила олсангиз. Озиқ-овқат бизнесидан бойиб кетганлар орасида Chick-fil-A тармоғининг меросхўрлари Дэн Кети, Бубба Кэти ва Труди Кэти Уайт, шунингдек, Little Caesar’s Pizza асосчиларидан бири Мариан Илитч бор. Кейинги ўринларда Walmart империясининг меросхўрлари бўлган Уолтонлар бошчилигидаги мода ва чакана савдо тоифаси ва Restoration Hardware раҳбари Гэри Фридман эгаллаган.
Қуйидаги фотогалереяда 2021 йил 3 сентябрь ҳолатига кўра, Forbes 400 рейтингига киритилган миллиардерлар сони энг кўп бўлган соҳалар кўрсатиб ўтилади:

Молия ва инвестиция
Миллиардерлар сони: 103 нафар (рўйхатнинг 25,75 фоиз қисми);
Умумий бойлик: 846,9 миллиард доллар;
Энг бадавлат миллиардер (расмда): Berkshire Hathaway Inc. бош директори ва директорлар кенгаши раиси Уоррен Баффет (102 миллиард доллар).

Технология
Миллиардерлар сони: 80 нафар (рўйхатнинг 20 фоиз қисми);
Умумий бойлик: 1,6 триллион доллар;
Энг бадавлат миллиардер (расмда): Amazon асосчиси Жефф Безос (201 миллиард доллар);

Озиқ-овқат ва ичимлик
Миллиардерлар сони: 38 нафар (рўйхатнинг 9,5 фоиз қисми);
Умумий бойлик: 242,2 миллиард доллар;
Энг бадавлат миллиардер (расмда): Расмдаги Жаклин Марс (31,8 миллиард доллар) ва Жон Марс (31,8 миллиард доллар) — Mars қандолатчилик фабрикаси асосчиси Франклин Марснинг неваралари.

Мода ва чакана савдо
Миллиардерлар сони: 31 нафар (рўйхатнинг 7,75 фоиз қисми);
Умумий бойлик: 477,6 миллиард доллар;
Энг бадавлат миллиардерлар (расмда чапдан ўнгга): Жим Уолтон (68,8 миллиард доллар), Элис ва Роб Уолтон — дунёдаги энг йирик Walmart улгуржи ва чакана савдо тармоғи эгалари.

Медиа ва кўнгилочар дастурлар
Миллиардерлар сони: 26 нафар (рўйхатнинг 6,5 фоиз қисми);
Умумий бойлик: 254,6 миллиард доллар;
Энг бадавлат миллиардер (суратда): Bloomberg LP медиа империясининг эгаси Майкл Блумберг (70 миллиард доллар).

Кўчмас мулк
Миллиардерлар сони: 24 нафар (рўйхатнинг 6 фоиз қисми);
Умумий бойлик: 122,4 миллиард доллар;
Энг бадавлат миллиардер (суратда): Irvine Company девелопер компанияси раиси ва эгаси Дональд Брен (16,2 миллиард доллар).

Энергетика
Миллиардерлар сони: 17 нафар (рўйхатнинг 4,25 фоиз қисми);
Умумий бойлик: 97 миллиард доллар;
Энг бадавлат миллиардер (суратда): Continental Resources Inc. бош директори Гарольд Хамм (11,4 миллиард доллар).

Ишлаб чиқариш
Миллиардерлар сони: 16 нафар (рўйхатнинг 4 фоиз қисми);
Умумий бойлик: 84,6 миллиард доллар;
Энг бадавлат миллиардер (суратда): Danaher film продюсери ва директорлар кенгаши раиси Стивен Рейлс (10,1 миллиард доллар).

Соғлиқни сақлаш
Миллиардерлар сони: 15 нафар (рўйхатнинг 3,75 фоиз қисми);
Умумий бойлик: 109,2 миллиард доллар;
Энг бадавлат миллиардер (суратда): HCA Healthcare асосчиси Томас Фрист (20,8 миллиард доллар).

Спорт
Миллиардерлар сони: 13 нафар (рўйхатнинг 3,25 фоиз қисми);
Умумий бойлик: 71,2 миллиард доллар;
Энг бадавлат миллиардер (суратда): Англиянинг «Арсенал» футбол клуби эгаси Стэн Кронке (10,7 миллиард доллар).
Аввалроқ ўлимидан кейин ҳам миллионлаб доллар топишда давом этаётган машҳурлар рейтинги тузиб чиқилганди. Шунингдек, Илон Маскнинг бойлиги 250 миллиард доллардан ошгани маълум бўлди.






