NASA астероидлар траекториясини ўзгартирувчи тизимни синовдан ўтказади
Лойиҳа DART (Double Asteroid Redirection Test), яъни қўш астероиднинг йўналишини синовдан ўтказиш деб номланади

NASA астероид парвози траекториясини ўзгартириш бўйича миссияга тайёргарликни якунламоқда. Бу ҳақда ташкилот сайтида маълумот берилди.
Қайд этилишича, бу лойиҳа DART (Double Asteroid Redirection Test), яъни қўш астероиднинг йўналишини синовдан ўтказиш деб номланади. DART космик кемасининг синов парвози 23 ноябрга режалаштирилган. Қурилма қўш астероид «Дидим» билан тўқнашиб, унинг орбитаси ва парвоз траэкториясини ўзгартириши керак.
Маълум қилинишича, тажриба муваффақиятли бўлса, бундай тизимлар келажакда Ерга таҳдид солувчи астероидларни йўналтириш учун ишлатилиши мумкин. DART тизими NASA томонидан Жон Хопкинс университети қошидаги Амалий физика лабораторияси билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда.
Қурилма 23 ноябрда ишга туширилиши, «Дидим» астероиди билан тўқнашуви эса 2022 йилнинг октябрига мўлжалланган. DART «Дидим»ни ташкил этувчи иккита астероиддан кичикроқ бўлган «Диморфос» билан тўқнашиши керак. Диаметри тахминан 160 метр бўлган «Диморфос» бу тизимда каттароқ астероидни айланиб чиқадиган сунъий йўлдош ролини ўйнайди.
Аввалроқ NASA Ойга астронавт қўндиришни 2025 йилга қолдиргани ҳақида хабар берилганди.






