Netflix «Кальмар ўйини» сериалининг иккинчи фасли чиқишини тасдиқлади
Жанубий Корея сериали Netflix кўнгилочар франчайзалари тоифасига киради.

Netflix стриминг платформаси Жанубий Кореянинг «Кальмар ўйини» сериалининг иккинчи фасли чиқишини тасдиқлади. Бу ҳақда компания раҳбарларидан бири Тед Сарандос маълум қилди.
Сериалнинг давоми чиқадими деган саволга Сарандос қуйидагича жавоб қайтарган:
«Албатта, ‘Кальмар ўйини’ дунёси эндигина туғилди».
Унинг фикрига кўра, Жанубий Корея сериали Netflix кўнгилочар франчайзалари тоифасига киради. Улар стриминг платформасидан ташқарида жонли тадбирлар, ўйинлар ва ушбу фильм билан боғлиқ маҳсулотлар кўринишида ўсиш имкониятига эга.
2021 йил охирида «Кальмар ўйини» режиссёри Хван Дон-хёк Netflix билан машҳур сериалнинг нафақат иккинчи, балки учинчи мавсумини ҳам суратга олиш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилганди.
Маълумот учун, «Кальмар ўйини» Netflixֹֹ’нинг энг муваффақиятли шоуси сифатида тарихга кирди. Премъерадан кейинги дастлабки тўрт ҳафта ичида томошабинлар сериални кўриш учун 1,65 миллиард соатдан кўпроқ вақт сарфлади.
9 сериядан иборат сериал 21 миллион долларга суратга олинган. Ўз навбатида, Netflixֹֹ сериалдан қарийб 900 миллион доллар фойда қилишини маълум қилган.






