NFT ва метаолам. Қачон инсоният виртуал реалликда ўқиш ва ишлашни бошлайди?
Метаоламнинг ўзига хослиги бошқа оламда мавжуд бўлиш ҳиссидир.

Метаолам — виртуал реаллик технологияларидан фойдаланган ҳолда, одамлар ўзларининг аватарлари орқали бир-бири ва рақамли объектлар билан ўзаро алоқада бўлиши мумкин бўлган доимий виртуал макон. Тасаввур қилиш қийин бўлса, «Матрица» (The Matrix) ва «Аватар» (Avatar) фильмларини эслаб кўринг, моҳият деярли бир хил.
Метаолам илк бор 1992 йилда америкалик фантаст ёзувчи Нил Стивенсоннинг «Кўчки» (Snow Crash) романида тилга олинган. Китобда уч ўлчовли виртуал дунё тасвирлаган. Айтганча, яқинда ушбу мавзу атрофида шунчалик кўп шов-шув кўтарилди-ки, Стивенсон метаоламга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ҳақида алоҳида баёнот беришга мажбур бўлди.

Метаолам тушунчаси, айниқса, 2021 йилнинг кузида Марк Цукерберг Facebook номини Meta деб ўзгартиргандан сўнг машҳур бўлиб кетди.
«Энди биз Meta деб номланамиз», — дейди Марк матбуот анжуманида ва «уч ўлчовли Интернет», яъни Web 3.0 устида иш бошланганини эълон қилди.

Энди биз ахборотни истеъмол қилмаймиз, балки унинг ичидамиз. Мисол тариқасида, миллиардер одам қандай қилиб жонли ва виртуал майдонда бўлиб ўтадиган концертда иштирок этишини кўрсатди.
«Метаоламнинг ўзига хослиги бошқа оламда мавжуд бўлиш ҳиссидир: сиз ўзингизни гўёки бошқа ерда, бошқа одам билан бўлгандек ҳис қиласиз», — дейди Цукерберг.
Унинг сўзларига кўра, ўзини бошқа ерда юргандек ҳис қилиш — ижтимоий технологиянинг асосий орзуси. Шу сабаб Meta бор эътиборини метаоламга қаратган.
Метаоламда ишлаш
2022 йилга келиб виртуал реаллик компьютер ўйинлари ва фантастик фильмлар қамровидан четга чиқди. Кўпгина компаниялар ундан иш учун ҳам фойдаланишни бошлади.
Мисол учун, eXp Realty кўчмас мулк агентлиги биринчилардан бўлиб метаоламда офис очди. Уларнинг ходимлари виртуал оролда ишлайдиган аватарлар кўринишида тўпланади. Орол бинолар ва музокаралар учун кўп сонли ҳудудларга тўла. Ходимлар худди видео ўйинлардаги каби сичқонча ёки клавиатура ёрдамида ҳаракатланади.

Ходимлар гапирганда бошқалар ким сўзга чиққанини англаши учун индикатор мавжуд. Улар, шунингдек, компьютер экранини баҳам кўриш орқали тақдимотлар қилиши мумкин.
KuCoin криптовалюта биржаси ҳам 2021 йил охирида бироз шовқин-сурон кўтариб, Bloktopia’нинг марказлаштирилмаган метаоламининг осмонўпар биносида офис очиш ниятини эълон қилди. Виртуал бино биткоинларнинг умумий сони 21 миллион та бўлгани учун 21 даражага эга.

Тахминларга кўра, виртуал биржага ташриф буюрувчилар бир-бири билан мулоқот қилиши, машғулотлар билан шуғулланиши, ўйин ўйнаши ва даромад олиши мумкин бўлади. Худди кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари сотиб олиш мумкин бўлган савдо марказига ўхшайди. Фақат у ерда харидорларнинг узун навбати ўрнига лойиҳалар, биржа савдолари, таниқли бизнесменлар ва крипто-брендларни учратасиз.
Бундан ташқари, 2022 йилда метаолам Microsoft Teams’га интеграция қилинади. Янги воқеликнинг асосий элементи Mesh хизмати бўлади. Ушбу хизмат VR ва AR’дан фойдаланган ҳолда виртуал офислар ва бошқа жойларни яратиш ва уларга ташриф буюриш имконини беради.

Масалан, Microsoft бош директори Сатья Наделла Mesh ёрдамида Британиядаги шифохонага, Toyota заводига ва Халқаро космик станцияга ташриф буюрганини сўзлаб берган.
Таълим бўйича NFT лойиҳалари
Агар, метаолам реал дунёни акс эттирадиган бўлса, демак унда ҳам иқтисодиёт мавжуд. Шу сабабли, NFT унинг бир қисмига айланди. Чуқурлашиб кетмаслик учун қуйида бир нечта мисол келтирилади.
NFT — бирор бир асл буюмга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи сертификат. Шу билан бирга, ҳар ким маҳсулотни кўриши мумкин, аммо фақат NFT харидори буюмнинг расмий эгаси ҳисобланади.
NFT’ни исталган рақамли элементга бириктириш мумкин: расмдан кулгили видеогача. Шу билан бирга, токен битим ҳақидаги барча маълумотларни ўз ичига олади: товарнинг келиб чиқишини, буюм эгасининг шахсини ва битимнинг вақтини тасдиқлайди. Мисол учун, россиялик рассом Покрас Лампас NFT’да ўз ишини рақамлаштирди ва уни 2,5 миллион рублга сотди.

Аммо санъат объектларини сотиш ноёб токенлардан фойдаланишнинг ягона усули эмас. Улар таълимда ҳам қўлланиши мумкин. Мисол учун, Ғарб университетлари NFT’дан пул алмашиш учун эмас, балки курсни тугатганлигини исботлаш учун фойдаланишни режалаштирмоқда. Чунки бирор бир курсни тугатганлик тўғрисидаги сертификат фотошопда осонгина сохталаштирилиши мумкин.
Хитойнинг Meten EdtechX компанияси янада илдамлаб кетди. Улар NFT’дан мутахассислар томонидан яратилган ўқув режаларининг ҳақиқийлигини текшириш учун фойдаланишни режалаштирган.
Экспертларнинг фикрича 5 йилдан сўнг инсоният метаоламда ишлаш ва ўқишни бошлайди, деган тахминларни илгари суриш қийин. Чунки бундай технологиялар жуда катта инвестицияларни талаб қилади. Бироқ биз бир оёғимиз билан янги реаллик остонасида турибмиз.






