«Нимага бу пуллар давлатга эмас, кимларнингдир чўнтагига тушмоқда?». Президент ноқонуний сотилган ерлар ҳақида
Давлат раҳбари Тошкент вилоятида 14 гектар ер участкаси 3,5 миллион долларга ноқонуний йўллар билан сотилганини эслади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 январь куни давлат мулки объектларини хусусийлаштириш борасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
«Жойларда ерларни аукционга чиқариш орқали жорий йилда бор-йўғи 400 миллиард сўм тушумни таъминлаш режаси мутлақо қониқарсиз. Биргина мисол: Тошкент вилоятида 14 гектар ер участкаси 3,5 миллион долларга ноқонуний йўллар билан сотилгани ҳамма раҳбарларни ўйлантириши керак. Нимага бу пуллар давлатга эмас, кимларнингдир чўнтагига тушмоқда?», — дейди давлат раҳбари.
Президент кимларнингдир чўнтагига тушаётган пуллар эвазига қанчадан-қанча ижтимоий объектлар қуриш мумкинлигиги таъкидлаган.
«Тасаввур қилинг, давлат қанчадан-қанча пулларни йўқотмоқда! Бу пулга қанча мактаб, қанча боғча ва йўл қуриш мумкин эди. Нега шуни ҳокимлар ўйламайди? Ваҳоланки, ушбу вилоятда (Тошкент вилояти назарда тутилган — таҳр.) ўтган йил давомида ер участкаларини сотишдан атиги 18 миллиард сўм маблағ тушган. Бу бозор нархида нари борса 5-10 гектар ернинг нархи», — дейди давлат раҳбари йиғилишда.
Маълумот учун, 2021 йил декабрида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тадбир давомида Тошкент вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими ҳамда Тошкент шаҳар Яккасарой туманида рўйхатдан ўтган МЧЖнинг норасмий эгаси ўзаро тил бириктириб, Қибрай тумани ҳудудида жойлашган, мазкур МЧЖга тегишли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган 13,7 гектар унумдор ер майдонини харидорга 3 миллион 425 минг АҚШ долларига сотишга келишгани, бу пулнинг 500 минг долларини олиш вақтида жиноятчилар қўлга олингани маълум қилинганди.
Аввалроқ Президент хусусийлаштириш ишларини суст ташкил қилгани учун икки вилоят ҳокимига ҳайфсан эълон қилганди.






