Обид Ҳакимов Ўзбекистонда ЯИМ ҳажмини 2,5 фоизга ошириш мумкинлиги ҳақида гапирди
У аҳоли жон бошига даромад 2,5 фоизга ошиши учун аёллар тадбиркорлигига кўпроқ эътибор зарурлигини таъкидлаган

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов хотин-қизларнинг тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2,5 фоизга оширишини айтди. Бу ҳақда у Ўзбекистонда гендер тенглик муаммоларини муҳокама қилиш учун «Open Space» форматида ташкил этилган очиқ платформадаги мурожаатида маълум қилди.
Марказ тадқиқотларига кўра, агар иш билан банд ва якка тартибдаги тадбиркор аёлларнинг умумий сони 5 фоизга ошса, аҳоли жон бошига даромад 2,5 фоизга ошади. Аксинча аёлларнинг тадбиркорлик қилиш имконияти чекланса, аҳоли жон бошига тўғри келувчи даромад 3 фоизга ва ўз-ўзини иш билан таъминлаш имконияти чекланса, ушбу кўрсаткич 1,3 фоизга камаяди.
«Хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, иш билан таъминлаш нафақат ижтимоий, балки иқтисодий масаладир», — дейди Обид Ҳакимов.
Статқўм маълумотига кўра, 2021 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми жорий нархда 519,8 триллион сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 6,9 фоизга ўсган.
Аввалроқ, Обид Ҳакимов 2026 йилгача мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 107 миллиард долларгача етказиш асосий мақсад эканини айтганди.
Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот айни пайтда 60 миллиард долларни ташкил этмоқда. Бундай ўсиш тенденциясида аҳоли жон бошига тўғри келадиган миқдор ҳозирги 1750 доллардан 2026 йилгача 2800 долларгача ва 2030 йилгача 4000 долларгача кўтарилиши режалаштирилган.






