Ўзбекистонда 9 ойда жисмоний шахсларга қанча кредит ажратилгани маълум бўлди
Аҳолига ажратилган чакана кредитлар ўсиши 46 фоизни ташкил этган

Ўзбекистонда 2021 йилнинг 9 ойида жисмоний шахсларга 29 триллион сўмлик кредитлар берилди. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмурoтов Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг 9 ойида жисмоний шахсларга қарийб 20 триллион сўмлик кредитлар ажратилган бўлса, 2021 йилнинг мос даврида 29 триллион сўмлик кредитлар берилган. Юқори ўсиш суръатлари автокредитлар, микроқарз ва оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида берилган кредитларда кузатилган.
Тижорат банклари томонидан юридик шахсларга ажратилган кредитларнинг ўтган йилга нисбатан ўсиши 29 фоизни ташкил этган бўлса, аҳолига ажратилган чакана кредитлар ўсиши 46 фоиз бўлди. Глобал иқтисодиётда бўлаётган ўзгаришлар ҳали ҳам аниқ прогнозлаш имкониятини бермаяпти, жуда кўплаб ноаниқликлар сақланиб қолаётгани маълум қилинди.
Маълум қилинишича, жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазият, навбатдаги янги тўлқинларнинг давом этаётгани ташқи иқтисодиётдаги ўзаро муносабатлар, ўсиш суръатлари ва нархлар динамикасига таъсир кўрсатади.
Аввалроқ Ўзбекистондаги 14 та банкда ислом дарчалари йўлга қўйилиши мумкинлиги маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонга 9 ойда хориждан қанча пул ўтказилгани ҳақида хабар берилди.






