Орол денгизининг қуриган қисми йилига қанча иқтисодий зарар келтириши маълум бўлди
Денгиз тубини тиклаш ҳар йили қўшимча 28–44 млн доллар миқдорида қўшимча фойда келтириши мумкин.

Орол денгизи тубидан кўтариладиган қум ва чанг бўронлари йилига 44 миллион доллардан ортиқ иқтисодий зарар келтиради. Бу ҳақда Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Жаҳон банки ва Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг «Орол денгизи тубидан кўтариладиган қум ва чанг бўронларини камайтириш учун Ўзбекистонда ландшафтни қайта тиклашнинг аҳамияти» мавзусидаги қўшма тадқиқотда қайд этилишича, ҳар йили бўронлар Орол денгизининг қуриган тубидан 75 миллион тоннагача қум, чанг ва тузни Марказий Осиё кенгликларига олиб ўтади.
Тадқиқотда Орол денгизи қуриган тубидан кўтариладиган туз ва чанг бўронларининг Ўзбекистонда одамлар саломатлиги, турмуш шароити ва атроф-муҳитга таъсири натижасидаги иқтисодий йўқотишлар баҳоланган. Унга кўра, ландшафтни самарали қайта тиклаш иқтисодий ва молиявий бевосита харажатлардан анча устун бўлган фойда келтириши мумкин.
Таъкидланишича, бу афзалликлар Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтишини ва иқлим ўзгариши бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришини тезлаштириши мумкин.
Хабарга кўра, Орол денгизининг қуриган туби қарийб 60 минг квадрат километр майдонни эгаллайди. Унинг деярли ярми Ўзбекистондаги 1,8 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Қорақалпоғистонда жойлашган. Сўнгги бир неча ўн йилликларда бу тузли чўл қум ва чанг бўронлари манбаига айланган. Бунинг натижасида юзага келган тупроқ эрозияси ва ҳавонинг ифлосланиши одамлар саломатлигига, турмуш шароитига ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатади.
Тадқиқот Жаҳон банкининг «Фаровонлик ҳисоби ва экотизим хизматларини баҳолаш» (WAВЕС) дастури ва PROGREEN кўмагида амалга оширилган.
Марказий Осиё мамлакатлари учун ландшафтлар барқарорлигини таъминлаш бўйича минтақавий лойиҳа «РЕСИЛAНД» доирасида ўтказилган. Орол денгизи тубидан кўтариладиган қум ва чанг бўронлари йилига 44 миллион доллардан ортиқ иқтисодий зарар келтиради.
Ўзбекистондаги Орол денгизи қуриб қолган тубининг катта қисмини қурғоқчиликка ва шўр тупроққа чидамли бўлган маҳаллий дарахтлар, буталар ва ўт-ўланларни, уларнинг оптимал комбинациясидан фойдаланган ҳолда экиш ҳисобига тиклаш мумкин. Тўғри режалаштирилганда Орол денгизи тубидаги ландшафтни тиклаш жараёни иқтисодий жиҳатдан асосланган бўлиши ва Орол денгизининг собиқ қирғоғидан 100–200 километргача бўлган масофада ҳаво ифлосланишининг сезиларли даражада камайишига олиб келиши мумкин.
Бунинг натижасида маҳаллий аҳолининг саломатлиги ва фаровонлиги яхшиланади. Орол денгизи тубини тиклаш ҳар йили қўшимча 28–44 миллион доллар миқдорида қўшимча фойда келтириши ҳамда тупроқдан углерод чиқишининг олдини олиш ва атмосферадан карбонат ангидридни ютиш орқали иқлим ўзгаришини юмшатишга ёрдам бериши мумкин.
Ўзбекистонда, жумладан, собиқ Орол денгизи тубида ландшафтларни тиклаш бўйича лойиҳалар «яшил» иқтисодий ўсиш миллий стратегиясининг ажралмас қисмига айланиши мумкин. «Яшил» ўсиш модели табиий ва энергия ресурсларидан барқарор ва самарали фойдаланишга асосланади.
Бу эса атроф-муҳит ифлосланишини минимал даражага тушириш орқали табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширади. Ландшафтни тиклаш бўйича самарали лойиҳалар, Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодий ўсишга ўтиш жараёнини тезлаштиришдан ташқари, минтақавий ва глобал миқёсда фойда келтириши мумкин.
Улар иқтисодий ва молиявий бевосита харажатлардан сезиларли даражада устун туради. Бу лойиҳалар Иқлим бўйича Париж битими доирасида миллий даражада белгилаб берилган ҳиссаларга мувофиқ, ҳамда, Bonn Challenge — бутун дунёда деградацияга учраган ва ўрмонсизланган ерларни қайта тиклаш бўйича глобал ташаббус ва БМТнинг чўлланишга қарши курашиш конвенцияси доирасида ерлар деградациясининг нейтраллигига эришиш мақсадлари бўйича Ўзбекистоннинг ўз халқаро мажбуриятларини бажаришига ҳисса қўшишлари мумкин.
Аввалроқ Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Айдар-Арнасой кўллар тизимида ҳосил бўлган туз қатлами экин майдонларига зарар етказаётгани ҳақида хабар берилди.






