Оролбўйи минтақасидаги тадбиркорларга 10 йиллик солиқ имтиёзлари берилади
Қорақалпоғистон учун давлат бюджетидан таъминланадиган инвестиция лойиҳалари камида 50 млрд сўм этиб белгиланди

Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 январдан:
Мўйноқдаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлар учун 2031 йил 1 январгача:
- фойда ва даромад солиғи, айланмадан олинадиган ва ижтимоий солиқлар 1 фоиз;
- мол-мулк, ер ва сувдан фойдаланганлик учун солиқ 1 фоиз этиб белгиланди.
Хоразм вилоятининг Тупроққалъа, Янгиариқ, Янгибозор туманларида тадбиркорлар учун 2025 йил 1 январгача:
- фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиғи 50 фоизга камайтирилади;
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган хомашё, материаллар божхона божидан озод қилинади;
- Хоразмда янги қурилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга ер солиғи бўйича имтиёзли давр беш йил этиб белгиланди.
Қорақалпоғистон учун давлат бюджетидан таъминланадиган инвестиция лойиҳалари камида 50 миллиард сўм этиб белгиланди.
Хоразмдаги паст ривожланаётган ва ишсизлик юқори бўлган 98 та маҳалла учун 2022–2026 йиллар давомида:
- оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 250 млрд сўм кредит ажратилади;
- давлат бюджетидан инфратузилмани ривожлантириш учун 150 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Шунингдек, 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача Оролбўйи минтақасидаги:
- кичик тадбиркорликларга корхона учун зарур асбоб-ускуналарни олиб келиш ваулар ишлаб чиқарган маҳсулотларни бошқа ҳудудларига етказиб бериш билан боғлиқ ташиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;
- маҳаллий экспортчилар ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилишда, уларнинг Каспий денгизигача ташиш билан боғлиқ транспорт харажатларини тўлиқ қоплаб берилади.
Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида қабул қилинган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисида махсус резолюция учун 4,3 триллион сўм сарфланиши ҳақида хабар берилганди.






