Ўзбекистон аҳолисига январь-февраль ойларида қўшимча кўмир етказиб берилади
Энергетика вазирлиги 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсуми учун аҳолига 705 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берди.

Ўзбекистонда январь-февраль ойларида истеъмолчиларга қўшимча равишда 256 минг 038 тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2021 йилда истеъмолчиларга жами 5 миллион 465 минг тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилган. Шунингдек, «Ўзбеккўмир» томонидан 2021 йил учун белгиланган кўмир етказиб беришнинг барча кўрсаткичлари ортиғи билан муддатидан олдин бажарилган.
Хусусан, 2021–2022 йиллар куз-қиш мавсуми учун бюджет ташкилотларига 450 минг тонна, аҳоли истеъмолчилари учун 705 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилган.
Қайд этилишича, истеъмолчиларнинг талабларидан келиб чиқиб, 2022 йил январь-февраль ойларида қўшимча равишда 256 минг 038 тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 11 ойда қанча кўмир ишлаб чиқарилгани хабар қилинганди.






