Ўзбекистон баҳорда Махачқалъага авиақатновларни йўлга қўяди
Авиақатновларнинг очилиши диний туризмни ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эгалиги айтилди.

Ўзбекистон диний туризмни ривожлантириш мақсадида 2022 йил баҳорида Доғистон пойтахти Махачқалъага авиарейсни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги бош консули Рустам Қўрғонбоев ТАСС агентлигига маълум қилди.
«Ўзбекистон ва Россия ўртасида ўзаро манфаатдорлик ва алмашинув бўлиши керак, токи ўзбекистонликлар сизникига, сиз эса бизникига келинг. Бунинг учун давлат авиакомпанияси баҳорда Махачқалъага рейс очишни режалаштирмоқда. Барчани ташриф буюришга таклиф қиламиз. Самарқандни, Бухорони, Хивани кўринг — булар 3 минг йиллик тарихга эга буюк шаҳарлар, ҳақиқий шарқона эртак», — дейди Қўрғонбоев.
Унинг сўзларига кўра, авиақатновларнинг очилиши биринчи навбатда диний туризмни ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга.
«Бизда зиёат туризмини ривожлантириш бўйича Президентнинг кўрсатмаси бор. Россияда эса мусулмон республикалар — Бошқирдистон, Татаристон ва Шимолий Кавказ регионлари бор. Ўтган йили биз Чеченистон ва Доғистонда зиёрат туризми тақдимотларини ўтказдик. Грозний ҳам рейсни йўлга қўймоқчи, ҳозирда улар янги аеропорт қурмоқда», — дейди у.
Аввалроқ Uzbekistan Airways Москвага қўшимча авиақатновларни йўлга қўйиши хабар қилинганди.






