Ўзбекистон ер майдонлари ёмонлашиши сабаб ҳар йили 830 млн доллар зарар кўрмоқда
Ўзбекистондаги 70 фоиздан ортиқ ер майдонлари деградацияга учраган бўлиб, ҳар йили 830 млн долларлик йўқотишлар кузатилмоқда. Хусусан, энг кўп шўрланган ерлар Қорақалпоғистонда (90-95 фоизни), Бухорода (96 фоизни) ва Хоразм воҳасида (95-100 фоизни) ташкил этади

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институтида Марказий Осиё минтақасида чўлланишга қарши курашиш, муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган инновациялар мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.
Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Туркия, Япония ва Корея давлатларининг халқаро экспертлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Маълум қилинишича, экспертларнинг баҳолашига кўра, бугунги кунда Ўзбекистондаги 70 фоиздан ортиқ ер майдонлари деградацияга учраган бўлиб, ҳар йили 830 млн долларлик йўқотишлар кузатилмоқда. Хусусан, энг кўп шўрланган ерлар Қорақалпоғистонда (90-95 фоизни), Бухорода (96 фоизни) ва Хоразм воҳасида (95-100 фоизни) ташкил этади.
Шунингдек, Давлат экология қўмитасининг маълумотига кўра, органик моддаларнинг 30-40 фоизига камайиши ҳисобига республика ҳудудининг 40 фоиз тупроқлари унумдорлиги пасайган. Шу билан бирга, 800 минг гектарга яқин суғориладиган ерлар суғориш техникаси ҳамда ерларни текислаш тадбирларини нотўғри амалга оширилаётгани туфайли эрозияга учрамоқда.




