Ўзбекистон эркин иқтисодиёт индекси бўйича «Эркин савдо» кўрсаткичида ўз ўрнини рекорд даражада яхшилади
Мазкур рейтинг «Мерос фонди» (The Heritage Foundation) АҚШ тадқиқотлар маркази ва The Wall Street Journal бизнес нашри билан ҳамкорликда чоп этилади.

Ўзбекистон эркин иқтисодиёт индекси бўйича «Эркин савдо» назорат кўрсаткичида ўз ўрнини рекорд даражада яхшилади. Бу ҳақда Стратегик ривожланиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистоннинг тўғри савдо сиёсати, тарифли ва тарифсиз тўсиқларнинг оптимизацияси (тариф кўрсаткичларини пасайтириш, божхона ва назорат тўсиқларини енгиллаштириш) орқали «Эркин савдо» назорат кўрсаткичи 20,2 баллга яхшиланди. Қайд этилишича, Ўзбекистон 2021 йилдаги 55,4 баллга қараганда 2022 йилда 75,6 баллни қўлга киритди.
Ўзбекистон ушбу рейтингда АҚШ, Япония, Хитой ва Россия сингари давлатларни ортда қолдирган. Ҳозирги кунда мамлакат 2021 йилдаги 163-ўрнидан юқорилаб, 67-ўринга кўтарилиб олган ва бу кўрсаткич билан Марказий Осиё давлатлари орасида етакчилик қилмоқда.
Таъкидланишича, «Эркин савдо» кўрсаткичининг ўртача бали 70,9 дан 69,5 га тушган ва 21 фоиз давлатларгина ташқи савдода тарифланган ва тарифсиз тўсиқларни яхшилашга муваффақ бўлган.
Маълумот ўрнида, иқтисодий эркинлик Индекси (Index of Economic Freedom) — рейтинг ҳисобланиб, мамлакатлардаги иқтисодий эркинликни баҳолайди. Мазкур рейтинг «Мерос фонди» (The Heritage Foundation) АҚШ тадқиқотлар маркази ва The Wall Street Journal бизнес нашри билан ҳамкорликда чоп этилади.






