«Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банки аъзоси бўлишга тайёрланмоқда» — Абдулла Арипов
Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ниятидалиги айтилди.

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ниятида ва Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида маълум қилди, дея ёзмоқда ТАСС нашри.
«Ҳозирда Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиш шартлари ва тартибларини келишиш жараёни давом этмоқда», — дейди Арипов.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси департаментлари ўртасида яқин ҳамкорлик бўйича қўшма йўл харитасини мувофиқлаштириш ишлари якунланмоқда.
«ЕОИИга аъзо давлатлар ушбу ҳужжатни тасдиқлаш ва қабул қилишда қўллаб-қувватлашига умид билдирамиз, шунингдек, азиз ҳамкасблардан Ўзбекистоннинг ЕОИИ доирасида амалга оширилаётган электрон технологияларни ривожлантириш каби ташаббуслардаги иштирокини маъқуллашини сўрайман. Бугунги йиғилишда савдо, темир йўл транспортини рақамлаштириш, «Агроэкспресс» логистика лойиҳаси ва иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик кун тартиби кўриб чиқилди», — дея қўшимча қилган Арипов.
Хабарга кўра, Ўзбекистон Бош вазири 2022 йилнинг март ва апрель ойларида республика пойтахтида Тошкент халқаро инвестиция форуми ва «Иннопром: Марказий Осиё» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтишини маълум қилган ҳамда Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши иштирокчиларини ушбу анжуманга таклиф этган.
Аввалроқ Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг 4 та лойиҳасига қўшилаётгани ҳақида хабар берилганди.






