Ўзбекистон ҳудудларидаги ишбилармонлик фаоллиги — таҳлил
Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлилини ўтказди.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, 2022 йилнинг 1 январидан 27 июннигача бўлган даврда республикада солиқ тушумлари ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 15,3 фоизга ошган.
Шу билан бирга, солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши Фарғона (37,6 фоиз га), Сурхондарё (37,5 фоиз га), Самарқанд (35,9 фоиз га), Бухоро (35,9 фоиз га), Хоразм (35,2 фоиз га), Андижон (33,6 фоиз га) вилоятлари ва Тошкент (44,6 фоиз га) шаҳрида қайд этилди.
Солиқ тушумларининг ўсиши иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар натижасида, шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш, жумладан янги маъмурий воситаларни жорий этиш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ва солиқ қонунчилиги талабларига риоя этиш тартибини соддалаштириш ҳисобига таъминланди.
Таҳлил қилинган давр учун божхона тўловлари бўйича тушумлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 41,2 фоизга ошди. Божхона тушумларининг энг юқори ўсиши Хоразм (77,9 фоизга), Сирдарё (70,6 фоизга), Андижон (61,3 фоизга), Бухоро (56,3 фоизга), Жиззах (49,8 фоизга) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (68,0 фоизга) кузатилди.
Божхона тушумларининг ўсиши ташқи солиқ солинадиган импорт ҳажми ва валюта курсининг ошиши, савдо айланмасининг ўсиши, мамлакатимизда ишлаб чиқариш қувватларининг ошириши, божхона маъмуриятчилиги тартиб-таомилларини соддалаштириш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, жумладан, божхона органлари томонидан рискларни бошқариш тизимидан кенг фойдаланиш ҳисобига таъминланди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 27 июнга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,4 фоизга ошган. Товарлар экспорти ҳажмининг сезиларли ўсиши Қашқадарё (61,6 фоизга), Навоий (52,5 фоизга), Самарқанд (44,5 фоизга), Андижон (33,5 фоизга), Наманган (26,9 фоизга) вилоятларида ва Тошкент (53,0 фоизга) шаҳрида қайд этилди.
Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.
Товарлар экспортининг камайиши Бухоро (22,2 фоиз га), Сурхондарё (6,8 фоиз га) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (17,0 фоиз га) кузатилди.
Бухоро вилоятида экспортнинг камайишига 2022 йилнинг январ-июнь ойларида пахта толасининг экспорт ҳажми камайгани сабаб бўлмоқда, бу эса ушбу маҳсулотларнинг ички бозорга йўналтирилганлиги билан боғлиқ.
Қорақалпоғистон Республикасида экспорт ҳажмининг камайиши пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, ип-калава ва фармацевтика маҳсулотлари экспортининг камайганлиги билан, шунингдек, пахта толаси экспортининг бутунлай бекор қилиниши ва ички бозорга йўналтирилиши билан изоҳланади.
Ўз навбатида, Сурхондарё вилоятида экспорт ҳажмининг камайиши мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг камайиши ҳамда пахта толаси ва ип-калаванинг ички бозорга йўналтирилиши билан боғлиқ.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 42,8 фоизга ошди. Биржада савдо фаоллигининг сезиларли даражада ўсиши Хоразм (68,1 фоизга), Навоий (65,4 фоизга), Жиззах (54,6 фоизга) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (49,8 фоизга) ва Тошкент шаҳрида (68,5 фоизга) кузатилмоқда.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши техник уруғлар, минерал ўғитлар, шакар, ўсимлик ёғи, этил спирти, автомобил бензини, дизел ёқилғиси, қурилиш ва маиший материаллар, қора ва рангли металлар ва бошқалар каби товарларни савдосини кўпайтириш орқали таъминланди.
Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида 7,2 фоизга пасайиш кузатилди. Бу полипропилен, пахта толаси, техник уруғлар, ўсимлик ёғи, шрот ва пўстлоғи, қора металл, цемент, буғдой, совун маҳсулоти ва чорва озуқаси билан савдо қилиш бўйича битимлар сони ва ҳажмининг камайиши билан изоҳланади.
Юсуф Жумабоев