Ўзбекистон илк бор Британияга қуритилган олхўри экспорт қилади
Британиялик тадбиркор Ўзбекистонга келишни режалаштирган.

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида Буюк Британияга қуритилган меваларини экспорт қилиш бўйича навбатдаги шартнома имзоланди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.
Элчихона маълумотларига кўра, Sofia Agro (Ўзбекистон) ва Brooks & Kempton (Буюк Британия) компаниялари қора олхўрининг синов партиясини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Эътиборлиси, ушбу партия Ўзбекистон қора олхўрисининг Буюк Британия бозорига биринчи марта етказиб берилиши бўлади.

Қайд этилишича, кейинги йилларда Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт географиясини сезиларли даражада кенгайтирган.
«Ўзбекистон қуритилган меваларининг юқори сифат ва таъм хусусиятлари хорижий савдо компаниялари эътиборини тортишда давом этмоқда», дейилади элчихона хабарида.
Тадбирда Британиянинг Brooks & Kempton компанияси асосчиси Карим Асаад маркетинг ва лаборатория тадқиқотлари Ўзбекистон қуритилган меваларининг юқори сифат ва таъм хусусиятларини кўрсатганини таъкидлаган. У мунтазам етказиб беришни йўлга қўйиш ва Ўзбекистон маҳсулотлари турларини босқичма-босқич кенгайтириш ниятида эканини қўшимча қилган.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистондан хорижий давлатларга қуритилган мевалар экспорти кўламини кенгайтириш бўйича мавжуд имкониятлар билан жойида танишиш мақсадида яқин келажакда британиялик тадбиркорнинг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилган.






