Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги жамғармасига нотўғри сарфланган салкам 407 млн сўм қайтарилди
Маблағларнинг ноқонуний сарфлангани бўйича маълумотлар Бош прокуратурага тақдим этилмоқда.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги жамғармасига нотўғри ва ортиқча тўланган салкам 407 млн сўм қайтарилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати раҳбари АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Қайд этилишича, «Молиявий назорат» бўлими томонидан ўтказилаётган ўрганишлар давомида аниқланган нотўғри ва ортиқча тўланган маблағларнинг 406 миллион 686 минг сўми вазирлик жамғармаларига айбдор шахслардан қайтарилган.
Шунингдек, қўпол камчиликларга йўл қўйган ва маблағларни ноқонуний сарфланганлиги бўйича маълумотлар қонуний баҳо бериш мақсадида Ўзбекистон Бош прокуратурасига тақдим этилмоқда.
Қайд этилишича, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларининг туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича аниқланган қўпол камчиликлар юзасидан қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига маълумотлар юборилган. Шунингдек, Фарғона вилоятининг 3 та туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида аниқланган камчиликлар бўйича Бош прокуратурага маълумотлар тайёрланмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида ҳайкал ва кутубхона қурилиши учун ажратилган 34 миллиард сўм бюджетга қайтарилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Фарғонада йил бошидан бери деярли 7 миллиард сўмлик электр энергияси ўғирлангани ҳақида хабар берилди.






