Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида пахта ёғи ва суюлтирилган газ нархи пасайди
Ўтган ҳафта мобайнида биржада жами 1 трлн 598,9 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди.

«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» очиқ савдоларида 24–30 январь кунлари жами 1 триллион 598,9 миллиард сўмлик товар ресурслари сотилди. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.
Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйган. Ўтган ҳафтада биржа савдоларида 1398,0 тонна пахта ёғи сотилган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 62 харидор иштирок этган. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 280,0 тоннани ташкил қилган.
Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 15 миллион 849,4 минг сўмдан 14 миллион 848,6 минг сўмгача, яъни 6,3 фоизга пасайган.
Шунингдек, биржанинг суюлтирилган газ бозорида нархлар пасайиши қайд этилган. Ҳафта давомида биржа савдоларига 6292,0 тонна суюлтирилган газ қўйилган ва улардан 5982,0 тоннаси, яъни 95,1 фоиз қисми сотилган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 173 харидор иштирок этган.
Кўриб чиқилаётган даврда суюлтирилган газ бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 миллион 890,4 минг сўмдан 2 миллион 649,9 минг сўмгача, яъни 8,3 фоизга пасайган.
Мавзуга доир: Ўзбекистон деҳқон бозорларидаги минимал-максимал нархлар маълум қилинди
Ўтказилган биржа савдолари натижасида суюлтирилган газ бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 2 миллион 606,6 минг сўмни ташкил этган.
Бундан ташқари, ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 4623,0 тонна полиэтилен қўйилган ва улардан 3913,0 тонна, яъни 84,6 фоиз ҳажми сотилган. Полиэтиленнинг ўртача кунлик сотув ҳажмлари 978,2 минг тоннани ташкил қилган.
Кўриб чиқилаётган даврда полиэтиленнинг барча маркалари бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 18 миллион 632,6 минг сўмдан 16 миллион 269,2 минг сўмгача, яъни 12,7 фоизга пасайган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 96 харидор иштирок этган.
Аввалроқ Ўзбекистонда цемент нархи 1 йилда 6,4 фоизга арзонлашгани хабар қилинганди.






